Регистон майдонида ИИБ ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун очиқ осмон остида А.П.Чехов номидаги Самарқанд драма мусиқали театри актёрлари томонидан “Оила – маънавият ва тарбия маскани” мавзусида спектаклъ намойиши ўтказилди, дея хабар қилади вилоят ИИБ Ахборот хизмати.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарори асосида “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш консепсияси” қабул қилинди. Бу борада режа тасдиқланиб амалиётга тадбиқ этилмоқда. Хусусан, Самарқанд вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси хотин-қизлар масалалари йўналиши ва ёшлар билан ишлаш гуруҳи ташаббуси билан ўтказилган театр томошаси ҳам ходимларнинг эстетик тарбиясини кучайтириш, уларнинг маданият ва санъатнинг турли йўналишларига бўлган қизиқишларини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

– Бугунги театр томошасига оила аъзоларимиз билан келиб, маданий ҳордиқ чиқардик, – дейди Самарқанд шаҳри бўйича ИИОФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Дилора Хотамова. – Бундан жуда ҳам хурсандмиз. Келгусида ҳам шундай тадбирлар ўтказилиши тарафдоримиз. Чунки бундай маданий-маърифий тадбирлар ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини ошишида хизмат қилади. 

Ҳа, бундай тадбирлар юрт тинчлиги, осойишталиги, халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлида масъулият ва ўз ўрнида шарафли хизматни олиб бораётган касб эгаларининг нафақат маънавияти балки уларнинг вақтини мазмунли ўтказишини таъминлайди. 

Гулноза ТУРҒУНБОЭВА,

 “Постда” мухбири.

Самарқанд вилояти.