Маънавият ва маърифат дарси

Ҳозирги кунда ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий ҳимояси адолатли ва холисона, очиқ ва коррупсиядан холи бўлишига, бюрок­ратик тўсиқларнинг олдини олишга хизмат қилувчи онлайн режимда ишлайдиган «э-ижтимоий-ҳимоя.иив.уз» электрон дастури ишга туширилганлиги шаффофликни таъминловчи энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Маълумки, 2017-йил 29-ноябрдаги «Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига биноан, ходимларнинг хизмат ўташ тартиби, интизомий ҳолати ва пул таъминоти масалалари, шунингдек, ижтимоий ҳимояси, пенсия таъминоти ва соғлиғини ҳимоялаш бўйича тиббий хизматлардан фойдаланиш тартиби белгиланган эди. Юртбошимизнинг 2019-йил 26-февралдаги «Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2022-йил 8-февралдаги «Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари эса соҳа ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлаш борасида мутлақо янгича имконият ва имтиёзларни юзага келтирди.

Айтиш жоизки, шу вақтга қадар ходимларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича тизимда кўплаб камчиликлар мавжуд эди. Бу, ўз навбатида, ходимларнинг умумий кайфиятига, ички ишлар органлари жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган эди. Аммо эндиликда мазкур йўналишда кўплаб имкониятлар яратилди. Яъни, Давлатимиз раҳбарининг 2021-йил 29-ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги консепсиясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги Махсус буджетдан ташқари жамғармаси маблағларининг 10 фоизи ҳар йили хизматда самарали натижаларга эришган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилиши кўрсатилиб, маблағларни мақсадли йўналтиришни таъминлаш вазифаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти зиммасига юклатилган. Унга кўра, бетоб ходимлар даволаниши учун пул таъминотининг 5 бараваригача, уларнинг яқин қариндошлари, яъни, ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандларини операция қилдириш, ортопедик оёқ кийим ва протез-ортопедик маҳсулотлар билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача бир марталик моддий ёрдам бериш, уй-жойга эга бўлиш ёки

яшаш шароитини яхшилашга 5 йилдан ошмайдиган муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан ошмайдиган ҳажмда фоизсиз қарз бериш, санаторий-курорт муассасаларида даволаниш ва дам олишга пул таъминотининг 2 баравари миқдоригача моддий ёрдам бериш, тўй ва дафн маросимларини ўтказиш учун пул таъминотининг 2 бараваригача бўлган миқдорда бир марталик моддий ёрдам бериш ҳамда осойишталик посбонларига пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар бериш йўлга қўйилди.

Эндиликда 20 йил ва ундан кўп хизмат қилган ходимларга соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам, хизматдан бўшатилгандан сўнг эса, 36 ой давомида собиқ ходимнинг ички ишлар органларидаги хизмат вазифаларини бажарганлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган тақдирда, бир марталик пул компенсацияси, ҳар йили ички ишлар органларида беш йилдан ортиқ хизмат қилиб, самарали натижаларга эришиб келаётган ва уй-жой билан таъминланмаган ходимга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадал пуллари тўлаб берилади. Шунингдек, ходим терроризм, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб, меҳнат қобилиятини йўқотган бўлса, ипотека кредитининг тўланмай қолган қисми ва ҳисобланган фоизлари ИИВ ҳисобидан тўлиқ қопланади.

Бундан ташқари, амалий хизмат стажи 10 йилдан ортиқ бўлган ходимларга енгил автомобил сотиб олиш учун 3 йил муддатга қарз бериш, ходимларнинг фарзандларига давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари, олий таълим муассасалари бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) кириш учун квота ажратиш, ходимнинг ота-онаси ҳам тизимдаги даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизматидан фойдаланиши ҳамда хизмат уйларини 20 ва ундан кўп календар йили хизмат қилган, уй-жой билан таъминланмаган юқори малакали ходимларга бепул шахсий мулк этиб бериш жорий этилди.

Шу билан бирга, тўлов-шартнома асосида олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга мазкур қарор қабул қилингунга қадар кирган, шунингдек, ўқиш давомида ушбу ҳолатларда ота-онасини йўқотганларга, агар унинг ота-онасини терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган бўлса, шартноманинг тўлиқ ҳажмини, ногирон бўлиб қолган бўлса, шартноманинг эллик фоизи миқдорида буджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тўланади.

Ушбу ҳаракатларда ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари, шунингдек, жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг вазирликка қарашли тиббий муассасалар хизматидан бепул фойдаланиш, санаторий-курортлар жойлашган ҳудудларга шаҳарлараро ҳаво ва темирйўл транспортида бепул бориш ва қайтиш ҳуқуқи таъминланади.

Рақамлар тили билан айтганда, жорий йил бошидан ҳозирга қадар ИИВ тасарруфидаги 15 та Мттга ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун 200 га яқин йўлланмалар ажратилди, ижарада яшаб келаётган 9 мингга яқин ходимга ижара пуллари тўланди, 150 нафарга яқин ходимга эса, тайёр ҳолда уй-жойлар топширилди. Шунингдек, яшаш шароитини яхшилаш ва уй-жойини таъмирлаш учун 80 нафардан ортиқ ходимга фоизсиз қарз маблағлари ажратилди, соғлиғини тиклаш учун 150 нафарга яқин бетоб ходимларга моддий ёрдам кўрсатилди, 300 нафардан ортиқ ходимнинг яқин қариндошларига операция қилдириш, ортопедик оёқ кийим ва протез-ортопедик маҳсулотлар билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун моддий ёрдам берилди ҳамда тўй ва дафн маросимларини ўтказиш учун 670 нафарга яқин ходимга моддий ёрдам ажратилди.

Бундан ташқари, санаторий-курорт муассасасида даволаниш учун 700 нафардан ортиқ ходимга йўлланмалар берилди, хизматда юқори натижаларга эришган 130 нафарга яқин ходимга пул мукофоти ажратилиб, автокредит олиш учун 60 нафардан ортиқ ходимга Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида 3 йил муддатга қарз берилди. ИИВ тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларига дам олишлари учун ходимларнинг фарзандларига 653 та йўлланма ажратилди. Шунингдек, хизмат вазифаларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлган ходимлар оила аъзоларининг 50 нафардан ортиғига бир марталик нафақа пуллари тўлаб берилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ички ишлар органлари ходимларига кўрсатилаётган кенг кўламли рағбат ва имтиёзлар уларнинг юртимиз тинчлик-осойишталиги йўлидаги саъй-ҳаракатларида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

Одилжон ЯКУБОВ,

подполковник.

Михли САФАРОВ,

«Постда» мухбири.