Президент раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025-йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббуснинг илгари сурилгани аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлатимиз олдида турган энг муҳим ва энг долзарб вазифа ҳисобланишининг яна бир исботи бўлди.
Юртбошимизнинг ғамхўрлиги, эҳтиёжманд оилалардаги муҳитни, кайфиятни яхши билиши натижасида ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалар бўйича бутунлай янги тизим яратилди. Хусусан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими ишга туширилиб, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бошланди. Очиқлик, тенглик, адолат тамойилларига қатъий амал қилиш вазифаси белгиланди. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича изчил ислоҳотлар самарали олиб борилмоқда.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги бугунги кун талаблари шароитида терроризм ва жиноятчиликка муносиб қаршилик кўрсатган, хизмат вазифаларини бажариш чоғида қаҳрамонлик ҳамда жасорат намоён этган ходимларни ва уларнинг оила аъзоларини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Чунончи, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳаёт учун юқори хатарга эга эканлигини инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсадида Президентимизнинг қатор қарор ва фармонлари қабул қилинди. Хусусан, «Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017-йил 29-ноябр қарорига мувофиқ, ходимларга даволаниши учун, бетоб яқин қариндошлари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари)ни операция қилдириш, ортопедик оёқ кийим ва протез-ортопедик маҳсулотлар билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун, санаторий-курорт муассасаларида даволаниш ва дам олиш учун ҳамда тўйлар ва дафн маросимларини ўтказиш учун моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар бериш юзасидан маблағлар ажратиш масаласини кўриб чиқиш тегишли комиссиялар томонидан амалга
оширилиши белгиланган.
Ички ишлар органлари тизимида ижтимоий ҳимоя қилишнинг қуйидаги шакллари мавжуд:
– уй-жой билан таъминлаш ёки яшаш шароитини яхшилаш;
– ижтимоий (моддий) ёрдам кўрсатиш;
– енгил автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида қарз бериш;
– олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсиянома (тақдимнома) бериш;
– мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
– хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ташкилот ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш натижасида қилинган харажатларни қоплаб бериш;
– хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлганда бир марталик нафақа тайинлаш;
– терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган тан жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган, шунингдек, хизмат давомида юқори натижаларга эришган ходим ва ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг алоҳида тартибини белгилаш;
– тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминоти;
– ходим ва ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини ИИВ тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш ҳамда болалар дам олиш ва соғломлаштириш масканларига юбориш.
Чунончи, ходимлар ички ишлар органларида хизматни ўташ даврида қонунчиликда белгиланган меъёр, навбат ва имтиёзларни инобатга олган ҳолда, умумий асосларда давлат томонидан уй-жой билан таъминланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ички ишлар органлари ходимларини уй-жой билан таъминлаш ёки яшаш шароитини яхшилаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади: хизмат хонадонлари билан таъминлаш; имтиёзли шартлар ва нархларда ипотека кредити (тураржойнинг дастлабки бадали) ажратиш асосида тураржой билан таъминлаш; фоизсиз қарз бериш; «тайёр ҳолда топшириш» шартларида уй-жой билан таъминлаш; ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсациясини тўлаб бериш шулар жумласидандир.
Қувонарлиси, 10 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчиларга тураржой сотиб олишлари учун ажратиладиган дастлабки бадал пуллари 25 фоиздан 35 фоизга, ҳар ойлик ижара пули компенсациялари эса 20 фоизга оширилишига эришилди.
Тизимда беш йилдан ортиқ хизмат қилган, хизматда самарали натижаларга эришган ва уй-жой билан таъминланмаган ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳисобига тураржой билан таъминланиш ёки тураржой шароитларини яхшилаш ҳуқуқига эга бўлган ходимларга имтиёзли шартларда ипотека кредитлари асосида тураржой сотиб олиш (қуриш) учун дастлабки бадал ажратилади.
Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида енгил автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун ҳам қарз берилади. Қарз ички ишлар органларида амалий хизмат стажи 10 йилдан ортиқ бўлган, хизматда самарали натижаларга эришган ходимларга мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун 3 йил муддатга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасида ажратилади.
Ходимларнинг фарзандларини квота асосида давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ҳамда Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 26-февралдаги «Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 4-июлдаги «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ва Миллий гвардиясининг шахсий таркиби ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
Шунингдек, ходим ва ҳарбий хизматчилар ёки уларнинг яқин қариндошларининг мол-мулкига етказилган зарар ходим ва ҳарбий хизматчиларнинг хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида етказилган тақдирдагина қопланади. Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ходим ва ҳарбий хизматчилар, курсант ва тингловчиларга ёки ҳалок бўлган ходим ва ҳарбий хизматчилар, курсант ва тингловчиларнинг оила аъзоларига бир марталик нафақа тўлаб берилади.
Нодиржон Базаров,
ИИВ ММИ ва КБТД
Ижтимоий ҳимоя бошқармаси
бош инспектори, маёр.
