Маънавият ва маърифат дарси

Ҳар сафар она Ватанимизнинг тинчлик-осойишталиги, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, ёшларимизнинг илм-фан, санъат, спорт ва бошқа турли соҳаларда эришаётган ютуқлари ҳақида ўйларканмиз, осойишталик посбонларига бўлган ҳурматимиз ошаверади. Зеро, эришилаётган барча ютуқ ҳамда муваффақиятлар она Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик туфайлидир...

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар самараси ўлароқ, соҳада кўплаб ютуқлар қўлга киритилди. Энг асосийси, бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. 

Президентимизнинг 2019 йил 26 февралдаги «Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, соҳада кўплаб ибратли ишлар амалга оширилди.

2019–2020 йилларда хизмат вақтида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимларнинг 121 нафар фарзандига олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга кириши учун тавсиянома ва тақдимномалар берилди. Шунингдек, 8 нафарига контракт пуллари тўлаб келинмоқда.

Олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга киришлари учун хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб келаётган ходимларнинг 3478 нафар фарзандига ҳам тавсиянома ва тақдимномалар берилди. Бундай ғамхўрликлар ёшлар онгида Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш билан бирга, шу муқаддас юртнинг тинчлиги, осо­йишталиги йўлида хизмат қилишнинг нақадар эзгу ва савобли иш эканлигини теран ҳис қилишида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Уйидан кўнгли тўқ, оила аъзоларидан хотиржам осойишталик посбонигина зиммасидаги масъулиятли вазифани виждонан бажара олади. Шу боис ички ишлар органлари ходимларини уй-жой билан таъминлаш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга ошириляпти. Хусусан, уларнинг турар жой шароитларини яхшилаш мақсадида 2017–2020 йиллар давомида 241 та хизмат уйлари қурилиб, турар жойга эҳтиёжи бўлган ҳамда хизматда алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларга топширилди.

Бундан ташқари, 2018–2020 йилларда имтиёзли ипотека кредити асосида Тошкент шаҳрида барпо этилган замонавий кўп қаватли уйлардан 392 та, Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва вилоятларда 2 мингга яқин квартиралар ажратилди. Бу каби ишлар ҳозирги кунда ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда. 

Ходимларнинг хизмат шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар қамрови ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2017–2020 йиллар давомида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, шинам ва кўркам, барча қулайликларга эга хизмат хоналари мавжуд бўлган 369 та ички ишлар органининг маъмурий бинолари капитал таъмирланди. 45 таси буткул янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Президентимиз ташаббуси билан профилактика инспекторларига ўзлари осойишталигини таъминлашга масъул бўлган ҳудуддан хизмат уйлари берилиши жойларда аҳоли, хусусан, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони камайишида муҳим омил бўлаётир. Уларнинг фаолиятини узлуксиз ташкил этиш ҳамда аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида 6787 та хизмат уйи қуриб берилди ва 7388 та шахсий автомашина учун имтиёзли кредитлар ажратилди. 

Соғлиқ-саломатлик худди тинчлик-хотиржамлик сингари, бу ёруғ оламдаги бебаҳо неъматдир. Шунинг учун ҳам ички ишлар органлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият бериляпти. Бугунги кунда терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари, шунингдек ушбу ҳолатларда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган осойишталик посбонлари ички ишлар органлари тиббий муассасалари хизматидан бепул фойдаланмоқда. Санаторийларда соғлиғини мустаҳкамлашмоқда. Бундан ташқари, уларнинг фарзандларига ҳам ёзги таътил мавсумини мароқли ўтказишлари учун болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар ажратиляпти.

Хизмат вазифаларини бажариш чоғида қаҳрамонлик ҳамда жасорат намоён этган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда. 

Хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган 56 нафар ходимнинг оила аъзоларига 28 млн. сўм пул маблағлари ҳамда 17,5 млн. сўмлик қимматбаҳо совғалар берилди. Шунингдек, ўтган йили тўй маросимларини ўтказиш ёки соғлиғини тиклаш учун 53 нафар ходимга жами 329 млн. сўм моддий ёрдам пуллари берилди. 

Хизмат мажбуриятини бажариш чоғида тан жароҳати олган ва ногирон бўлиб қолган 52 нафар ходимга ҳамда вафот этган 40 нафар ходимнинг оила аъзоларига 8 млрд. 513 млн. сўм миқдорида бир йўла тўланадиган нафақа пуллари берилди. Шунингдек, турли даражада тан жароҳати олган ва вафот этган 2000 нафарга яқин ходим ва уларнинг оила аъзоларига 10 млрд. сўм миқдоридаги суғурта пуллари тўлаб берилди. 

Хуллас, ички ишлар органлари ходимларига хизматни намунали ўташлари учун қулай шароитлар яратиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш давлатимиз ва вазирлик раҳбариятининг доимий эътиборида эканлиги осойишталик посбонларини янги муваффақиятлар сари руҳлантирмоқда.