Маънавият ва маърифат дарси

(9 май – Хотира ва қадрлаш куни)


Уруш арафасида мамлакатимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 2 миллионга яқини урушда бевосита иштирок этган. Яъни, ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жанг майдонларида қатнашган ва бу даҳшатли урушда қарийб 500 минг нафардан зиёд юртдошимиз урушда ҳалок бўлган. Урушдан 60 минг нафардан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтган. 120 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзандлари фронтда кўрсатган жасорати учун жанговар орден ва медалларга сазовор бўлган. 


Ўтганларни хотирлаш, тирикларни қадрлаш – халқимизнинг азалий қадриятларидан биридир. Аждодлар номини ёд этиш, хотирасига ҳурмат бажо келтириш, уларнинг руҳларини шод қилиш қон-қонимизга сингиб кетган. 

Ватанимизнинг узоқ тарихидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар ўтган. Уларнинг порлоқ хотираси ёдга тушаверади.

Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди. Ушбу байрамда Ватан озодлиги йўлида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсланади. Умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади. Эл-юртимизнинг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар эса ҳамиша халқимиз ардоғидадир. 

Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва «Шон-шараф» давлат музейи экспозициялари халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонатини, юксак инсоний фазилатларини намоён этиш ҳамда ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

«Ғалаба боғи» уруш ва унинг оқибатлари, уруш даври манзаралари, жумладан, окоп, блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган. Мажмуада ўша даврдаги ҳарбий техника ҳамда қурол-яроғлар, Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасорати, машаққатли меҳнати, қайғу-алами, шунингдек, эришилган буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ифодаланган.

Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Уруш қурбонларининг номи мамлакат пойтахтидаги Хотира майдонига ўрнатилган Хотира китобига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди.

Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда, она диёримизни, халқимизнинг истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ҳамда шижоат билан ҳимоя қилган фидойи юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиромда бу жиҳатлар янада яққол намоён бўлмоқда. Шу боис ўтганлар хотирасини эъзозлаш, бугунги тинч, осойишта, дориламон кунларга етишимизда фидойилик кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, нуроний отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш эзгу анъанага айланган.

Юртимизда ҳали ҳамон Ватанимизнинг порлоқ келажаги йўлида ҳисса қўшаётган кексаларимиз талайгина. Улар фидойилик билан хизмат қилишнинг юксак намунаси бўлган, бутун ҳаётини эл-юрт равнақига, адолат ва эзгулик тантанасига бағишлаган. Ёшларимизни юртга дахлдор ва ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар фашизм балосига қарши мардона курашган, ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, ўз ҳаётини юртимиз, элимиз ҳурлиги, халқимиз фаровонлигига бағишлаган Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир. Оловли йилларда мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган, кейинчалик хизматни ички ишлар органларида давом эттирган уруш қаҳрамонларининг номларини фахр билан айтиб ўтишимиз мумкин.

Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. 

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида, кейинчалик Тошкент вилоятининг чегара ҳудудларига бостириб кирган террорчи ғаламисларга қарши жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар орасида ички ишлар органлари ходимлари ҳам бор эди. Тошкент шаҳрида содир этилган террорчилик оқибатида ҳам бир нечта осойишталик посбонлари бу дунёдан кўз юмди. Шунингдек, ашаддий жиноятчилар билан олишув вақтида ҳам бир қанча ходимларимиз мардларча ҳалок бўлди. Уларнинг хотираси абадий сақланиб қолажак, албатта. 

Хотира сўзининг қадр каломи билан ёнма-ён ишлатилиши бежиз эмас. Юртимизда аҳоли манфаатларини таъминлаш, айниқса, ёлғиз қариялар, пенсионер, ногирон, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланганларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар ҳолидан хабар олиш, ғамхўрлик кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор берилади. Бинобарин, Конституциямизда ва қатор қонун ҳужжатларида бу борадаги меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилгани, амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда.

Ёлғиз пенсионерлар ва ногиронларни даволаш, соғломлаштириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш учун зарур қулайликлар яратилмоқда. Бу тоифадаги инсонлар даволаниши учун мўлжалланган тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Президентимизнинг ҳар йили Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш юзасидан фармонига кўра фахрийларимизнинг ҳар бири муносиб рағбатлантирилади.

Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзланган асосий мақсад – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.

Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Зеро, хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.


Сарвар СОБИРОВ.