Маънавият ва маърифат дарси
Хотира – инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш билан боғлаб турувчи буюк қадрият. У кечаги кун сабоқларини ёдга солиб, бугунги кунимизни, истиқболимизни қадрлашга ўргатади. Инсон, миллат ва халқ тарихий хотираси билан барҳаёт.
Ҳар бир халқнинг маънавий қадриятлари бўлади. Бугунги ёруғ кунларга етиб келишимизга ўз ҳиссасини қўшган, Ватан озодлиги, юрт мустақиллиги учун жонини фидо қилган, чунончи, Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, айни чоғда, ўзларининг ибратли ишлари билан эл-юрт тинчлиги, халқимиз ҳаётининг фаровонлиги йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган, ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётган нуроний отахон-онахонларни, устоз-мураббийларни қадрлаш бизнинг ана шундай қадриятлардан бири ҳисобланади.
Аждодларни хотирлаш, эзгу ишларини ёдга олиш, қолаверса, кексалик гаштини сураётган фахрийларимизни ардоқлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш мустақиллик йилларида давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Аслида, ҳар қандай уруш башарият учун улкан фожиа. Иккинчи жаҳон уруши эса инсоният тарихидаги энг катта, энг машъум қирғин. Олти йил давом этган бу урушда ўша пайтда дунёдаги 73 та давлатдан 62 таси, Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи иштирок этган. Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлатни бевосита қамраб олган қуролли тўқнашувларга 110 миллион киши сафарбар қилинган, жами 70 миллион киши ҳалок бўлган.
Ота-боболаримиз Иккинчи жаҳон урушида чинакам мардлик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшдилар. 120 мингдан зиёд ўзбекистонлик аскар ва офицерлар кўрсатган жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланди.
Урушнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистон ички ишлар органларининг кўплаб мард ходимлари ҳам ўз ихтиёри билан фронтга отланди. 1941-йилнинг ўзида Тошкент ўрта-махсус милиция мактаби тингловчиларининг 60 фоизи, командир-ўқитувчиларининг 30 фоизи, Самарқанд вилояти ички ишлар органларидан 1489 нафар, Тошкент темирйўл милицияси бўлимининг 204 нафар ходими ўзбек миллий дивизияси, шунингдек, генерал Панфилов дивизияси сафида жангга кирди. Улар ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, Украина, Белоруссия, Ленинград, Харков, Курск ёйи, Шимолий ва Ғарбий фронтларда фашистларга қарши жангларда юксак қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатдилар.
Уларнинг айримлари фронтдан соғ-омон қайтиб, ички ишлар органларида хизматни давом эттирди. Жангларда тобланган иродаси, фидокорона меҳнатлари эвазига раҳбарлик лавозимларига кўтарилиб, полковник, генерал унвонларигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди.
Таъкидлаш керакки, 9-май – Хотира ва қадрлаш куни бугун чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди. Шу куни Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар ёдга олинади, ҳаёт бўлганларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга юксак эҳтиром кўрсатилади. Шу билан бирга, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жумладан, ички ишлар органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.
Давлатимиз раҳбарининг қарор ва фармонлари асосида ҳар йили Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшган, ҳамюртларимиз, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, фахрийларга ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Уруш қатнашчиларининг хонадонларига борилиб, уларга пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар тантанали тарзда топшириляпти. Фронторти меҳнат фахрийлари, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Худди шунингдек, улар кўрсатган матонат, мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини кенг аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тарғиб қилиш бўйича маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти соҳа фахрийлари ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Мунтазам равишда уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдам берилмоқда. Зарур бўлса, турмуш шароитини яхшилаш, таълим олиши ва саломатлигини тиклаши бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
...Йиллар, замонлар ўтади. Юрт озодлиги, тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя қилишда курашиб жон берган халқимизнинг асл фарзандлари хотираси асло учмайди. Қаҳрамон оталаридан ўрнак ва намуна олиб, улар билан фахрланиб яшайдиган халқ эса ҳеч қачон кам бўлмайди.
Камол ОЛЛОЁРОВ,
ўз мухбиримиз.
