Жаҳон тамаддунига бемисл ҳисса қўшган туркий заминдан кўплаб моҳир саркардалар етишиб чиққан. Айниқса, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз ўз замонасида нафақат одил ҳукмдор, айни чоғда, енгилмас қўшинларнинг қўмондонлари ҳам бўлишган. Улар қўшиннинг юксак жанговар ҳолатини таъминлаш бўйича жуда кўп ибратли ишларни амалга
оширишган.
Айниқса, улуғ бобокалонимиз Амир Темурнинг жанговар қўшини ўзининг стратегик ва тактик маҳорати билан ўша даврнинг энг мукаммал ва кучли армияси ҳисобланган. Хусусан, қўшин таркиби, бошқарув шакли, унинг жанг пайтидаги ҳаракатланиши ҳатто душман синчилари томонидан ҳам эътироф этилган.
Истиқлол йилларида миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган чинакам жасорат ва матонат мактабига айланди. Фарзандларимизнинг ҳарбий хизматга, бошқача айтганда, эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилиши кучайди, Ватан ҳимоячиси бўлиш ҳар бир йигитнинг эзгу мақсадига айланди.
Алоҳида мамнуният ила таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгарди.
Хусусан, 2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди. Ушбу стратегия асосида Қуролли Кучларнинг тезкор бошқарувини амалга ошириш, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговарлик руҳини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, ҳарбий хизматчилар, айниқса, командирлар таркибининг профессионал тайёргарлигини ошириш миллий армияни янада ривожлантиришнинг энг муҳим шарти ҳисобланади. Шу жиҳатдан, Қуролли Кучлар Бош штаби ҳамда ҳарбий округлар бошқарув аппаратлари офицерларини, бригада командирлари ва уларнинг ўринбосарларини ўқитиш бўйича Қуролли Кучлар Академиясида янги тизим йўлга қўйилиб, соҳа учун кадрлар тайёрлашда назария ва амалиётни имкон қадар яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш бўйича комплекс дастурларни тайёрлашда бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган ҳарбий можаролар хусусиятлари, қўшинларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳисобга олинмоқда. Бу борада энг зарур қурол-аслаҳа ва анжомларни сотиб олиш, уларни янги жанговар тизимлар билан биргаликда қўллаш ва такомиллаштириб бориш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида. Шунингдек, ҳарбий қисм ва полигонлардаги инфратузилма, аскар ва офицерларнинг хизмат шароитлари тубдан яхшиланмоқда. Қолаверса, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли, биринчи навбатда, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучларимиз фахрийларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилишни кучайтириш борасидаги ишлар изчил давом эттириляпти.
Ҳарбий соҳада олиб борилаётган эътиборга молик ишлар, кенг кўламли ислоҳотлар бесамар кетмаётгани кишини қувонтиради, албатта. Хусусан, Ўзбекистон армияси 2023-йилда дунёдаги энг кучли армиялар рейтингида 145 давлат ўртасида 62-ўринни эгаллади. Мазкур рейтинг «Глобал Фирепоwер» халқаро компанияси томонидан тузиб чиқилди.
Пwриндх – куч индекси бўйича тузилган ушбу рейтингнинг ўзига хослиги шундаки, у қанчалик паст бўлса, мамлакат шунчалик кучли армияга эга ҳисобланади. Ҳозирча ҳеч бир давлат 0,0000 ҳарбий кучнинг максимал кўрсаткичига эришмаган. Ўзбекистон
1,0692 индексини олган. Бу Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Ўтган йилнинг октабр ойида Ақшнинг «Неwс & Wорлд Репорт» нашри ҳам ўз тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унга кўра, мамлакатимиз армия қудрати бўйича 87 давлат ўртасида 18 ўринни эгаллади. Бу рейтингда Россия, АҚШ ва Хитой етакчилик қилган. Қўшниларимиздан фақат Қозоғистон рейтингга киритилган. Нашрнинг ёзишича, армияларнинг қудрати глобал сўровда қатнашганларнинг фикр-мулоҳазалари асосида баҳоланган.
Вакилларимиз, айниқса, кейинги йилларда ўтказилаётган кўплаб халқаро миқёсдаги нуфузли ҳарбий мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб келишаётгани ҳам қувонарли ҳол. Жумладан, юртимиз ҳарбийлари Халқаро армия ўйинлари, «Кембрия патрули» ва бошқа шу каби йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида салмоқли ютуқларни қўлга киритишмоқда.
Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!» шиори остида «Ватанпарварлик ойлиги» кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда. Ойлик доирасида «Ватанпарварлик карвони» фестиваллари, давра суҳбатлари, учрашувлар, турли викторина ва спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Ҳарбий хизматчилар, соҳа фахрийлари, элимизнинг таниқли кишилари, ёшлар иштирокида ўтаётган ушбу тадбирлар Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқ ва армия – бир тан-у бир жондир» деган эзгу тамойилнинг амалдаги ёрқин ифодаси ўлароқ намоён бўлаётир.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда миллий армиямиз мамлакатимиз қудрати, юксак ғурур ва садоқатимиз тимсолига айланиб улгурган. Зотан, Ватанимиз, халқимизга садоқатли йигитлар хизмат қилаётган Қуролли Кучларимиз мустақиллигимизнинг, тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимизнинг
ишончли қалқонидир.
Камол ОЛЛОЁРОВ
тайёрлади.