Маънавият ва маърифат дарси

(30-июн – Ёшлар куни)

Юртимизда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш ҳамда ташаббусларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги тўққиз йил ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда «катта сакраш даври» бўлди, десак, сира муболаға бўлмайди. Негаки, шу муддат ичида ёшларга оид юздан зиёд қонун ва қарор қабул қилиниб, икки юздан ортиқ имтиёз берилди.

Асосий қонунимизнинг ХИВ боби «Оила, болалар ва ёшлар» деб номлангани ҳамда унинг 78-моддаси тўртинчи бандида «Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади», дейилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигининг яққол далилидир.

Янги таҳрирдаги Конститут­сия­мизнинг 79-моддаси биринчи бандида эса «Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳи­моя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради», деб алоҳида қайд этилган. Мазкур модданинг иккинчи бандига кўра: «Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади». Энг асосийси, мазкур конституциявий нормалар нафақат Ўзбекистон ёшлари манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Навқирон авлодимиз вакиллари томонидан янги таҳрирдаги Конституциямиз «Ёшлар Конституцияси» дея эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас.

2016-йил 14-сентабрда «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. 2020-йил 30-июнда «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2021-йил 20-апрелда «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимиой ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2024-йил 21-февралда «Ўзбекистон–2030 стра­тегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонлар эълон қилинди. Улар ижросини таъминлаш бўйича қатор қарорлар қабул қилинган.

Бунёдкор сўзини биз асосан бино ёки иншоотлар қурувчиларига нисбатан ишлатамиз. Лекин Ўзбекистон, Ватан деган улуғ бино, буюк бир иншоот ҳам борки, уни дунёга танитиш, унинг обрўйи ва нуфузини ошириш йўлида жон нисор қилаётганларни, ҳеч иккиланмасдан, Ўзбекистон бунёдкорлари, деб атаймиз. Осиё чемпиони бўлган 17 ёшли ўсмирларни, яқинда жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларини, олимпиада чемпионлари, шахмат бўйича халқаро гроссмейстерлар, фан олимпиадаларида ғолиб чиққан ўсмирларимизни Ўзбекистон бунёдкорлари, десак, сира муболаға бўлмайди.

Президентимизнинг 2024-йил 27-июндаги «Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, ёшларни ўқитишга, илм олишлари учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, 150 минг нафардан зиёд йигит-қизлар таълим кредитидан фойдаланди. Эҳтиёжманд оилаларда ўсган 110 минг нафар талабанинг контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди. Бу мақсадар учун 332 миллиард сўм ажратилди. Яратилган имтиёзлар туфайли «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етти йилда Ақшнинг «Печак лигаси»га кирувчи Гарвард, Ел, Колумбия, Стенфорд каби топ-8 та, Буюк Британиянининг «Расселл гуруҳи»даги Оксфорд, Кембридж, Бирмингем каби 24 та олийгоҳларда 50 нафардан зиёд ёшларимиз таҳсил олиб келишди. Айни дамда 110 минг нафар ўғил-қизимиз хорижда таҳсил олмоқда.

Ўтган йили 14 мингдан зиёд ўқувчи мактабларни олтин ва кумуш медаллар билан битирди. Мактаб ўқувчилари «Катта бешлик» фан олимпиадаларида қўлга киритган медаллар сони охирги тўрт йилда икки баробарга ошди. Хорижий олийгоҳларда ўқиш учун ёшларимиз математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича «АСТ» имтиҳонини топширишмоқда. Мазкур тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар чет элнинг энг нуфузли олийгоҳларига грант ютишмоқда.

Ўз навбатида, ички ишлар органларида ҳам истиқболли ёш ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашда изланувчанлик ва яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шуҳрат Рўзиев,

ўз мухбиримиз.