Мамлакатимизда амалга оширилган янгиланишлар халқимиз ҳаёти ва дунёқарашини ўзгартирди, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборини оширган, имижини шакллантирган ислоҳотлар қилинди. Аввало, чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари йўлга қўйилди, яқин қардошлик ришталари тикланди. Бунинг натижасида яқин қариндош, қуда-анда бўлиб кетган халқларимизнинг мушкули осон бўлиб, кўплаб муаммолар барҳам топди. Неча йиллардан буён ҳал этилмай келинаётган масалалар ҳам конструктив мулоқот йўли билан бирма-бир ўз ечимини топмоқда.
Бир сўз билан айтганда, халқимиз амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ҳис этишига, давлат органларининг халқ иродасини ифода этиб,
унинг манфаатларига хизмат қилишининг янги босқичга кўтарилишига омил бўлмоқда.
Янгиланаётган Ўзбекистонда маънавий-маърифий ислоҳотларга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади. Юртимизда маънавий-маърифий муҳитни янада яхшилаш, минг йиллар мобайнида унинг бағрида сайқалланиб келаётган ибратли анъана ва қадриятларни тарғиб этиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси жамиятдаги соғлом кучлар, юксак истеъдод ва тафаккур соҳибларининг ақлий салоҳиятини Ватан истиқболи сари йўналтириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, одамларнинг маънавиятини юксалтириш, бебаҳо маданий меросимиз, миллий қадриятларимизни тиклашга, энг асосийси, ўзлигимизни англашга катта таъсир кўрсатди.
Бугунги кунда мамлакатимизда аниқ мақсадга йўналтирилган маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш борасида самарали саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Зеро, маънавий-маърифий тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш жиддий фикр юритишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш – 2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг бешинчи муҳим йўналиши ҳисобланиб, унда асосий мақсад: эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш белгиланган.
«Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» консепсиясини амалга ошириш орқали қуйидаги устувор вазифаларни амалга ошириш назарда тутилган:
– аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимизнинг бой тарихи, илмий-маданий мероси, миллий-диний қадриятларни ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш;
– тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг таъсирчан, креатив ва инновацион услубларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ўз вақтида амалга ошириш чораларини кўриш;
– ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва маънавий меросини асраб-авайлаш, кенг оммалаштириш ҳамда ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
– оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш.
– оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотларни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш;
– «Маҳалла–туман–вилоят–республика» принсипи асосида ҳудудлар кесимида ижтимоий-маънавий муҳитни оптималлаштириш харитасини шакллантириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
– маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторларини ишлаб чиқиш;
– мактабларни чинакам маънавият ва маърифат, маданият ўчоғига айлантириш учун таълим-тарбиянинг интерактив усулларини қўллаш ва мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва шу асосда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш кўникмасини шакллантириш.
Дунёда турли зиддиятлар ва таҳликали вазиятлар ҳукм сураётган, башарият турфа талотўплар гирдобида қолаётган, қарама-қаршиликлар кескинлашган бир пайтда, тинч ва барқарор ҳаётни сақлаб қолишнинг ягона нажот йўли маънавиятни асрашдир. Айниқса, ёш авлод тарбиясига бўлган эътибор ва талабчанликни ошириш, улар онги ва қалбини эгаллаш учун кураш дунё миқёсида кучаяётган бир пайтда, янада муҳим аҳамият касб этади. Бундай тарбия Ватанга дахлдорлик ҳисси жўшиб турган ҳар бир инсоннинг муштарак вазифаси ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонни ва унда маърифатли жамиятни яратиш ҳаммамизга ва ҳар биримизга кўп жиҳатдан боғлиқ. Аввало, барчамиз бунёд этилаётган янги жамиятимизга муносиб бўлиш учун бой тарихий маданиятимиз ва миллий қадриятларимизга асосланган ҳолда, замонавий билим ва кўникмалар билан мустаҳкамланган салоҳиятга эга бўлишимиз лозим. Зеро, Янги Ўзбекистон маърифатли жамият билан янада қудратли бўлади.
Азизжон ФАЙЗИЕВ,
маёр.
