Маънавият ва маърифат дарси

«Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг қабул қилиниши натижасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни навбатдаги босқичга олиб чиқишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.

Тараққиёт стратегияси Янги Ўзбекистоннинг пойдеворини тиклаш ва биносини қуришга қаратилган. Бу буюк бунёдкорлик жараёни 2026-йилгача бўлган даврни қамраб олган ва йилма-йил амалга ошириб борилмоқда. Унда жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгиланган.

Асосий эътибор фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир қонунлар, кодекслар, консепсия ва дастурлар қабул қилинишига қаратилган тараққиёт стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш, конституциявий ислоҳотни ҳаётга изчил татбиқ этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, маънавиятни ривожлантириш, шунингдек, глобал муаммоларга Ўзбекистоннинг муносабати, хавфсизлик ва ташқи сиёсат борасидаги муҳим вазифалар қамраб олинган. Энг асосийси, 7 та устувор йўналиш ва ундаги 100 та мақсаднинг барчасида инсон қадрини таъминлаш ва юксалтириш назарда тутилган.

Тараққиёт стратегияси қабул қилинганидан буён ўтган 3 йиллик давр мобайнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга катта эътибор берилди. Айниқса, эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинди. Бунинг учун аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси ишлаб чиқилди, ижтимоий суғурта тизими, жумладан, ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилди, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам ва хизматларни ижтимоий шартнома асосида тақдим этиш йўлга қўйилди, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базаси яратилди, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари», «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» билан интеграция қилинди. Натижада мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож барча аҳолини давлат томонидан тўла ҳимоя қилишнинг барқарор тизими яратилди.

Тараққиёт стратегиясининг 16-мақсадида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш белгиланган бўлиб, унга кўра, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилди. Жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ва уларни рўйхатга олишнинг «Э-ҳуқуқбузарлик» ягона автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди. Шу билан бирга, бир йил давомида такроран содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланадиган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларнинг ҳисобини бир йил давомида юритиш ва муддат ўтиши билан автоматик равишда ҳисобдан олиб ташлаш тартиби йўлга қўйилди.

Шунингдек унда жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шу жумладан, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш белгиланган бўлиб, унга кўра, «Э-патрул» тизими жорий этилди. Эндиликда текшириш учун шахсни ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилди ва барча маълумотларни жойида текшириш, патрул-пост хизмати ходимларининг фаолиятини бодикамера ёрдамида назорат қилиш йўлга қўйилди. Патрул хизматини босқичма-босқич авто ва мотопатрул шаклига ўтказиш орқали нарядлар мобиллигига эришилиб, ҳодиса жойига тезкорлик билан етиб бориш таъминланмоқда.

Ривожланган мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш бўйича махсус дастур тайёрланди. Бунда йўл инфратузилмасини халқаро стандартларга мослаштириш, ҳаракатни бошқариш тизимини тўла рақамлаштириш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун барча иштирокчиларга муносиб шароитлар яратиш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тараққиёт стратегиясининг 17-мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш белгиланган бўлиб, унга кўра, ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш ҳамда аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтирилди. 

Бундан ташқари, тергов фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш, ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларга қарши курашишда тезкор-қидирув фаолияти янада кучайтирилди. Тергов фаолиятини назорат қилиш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган янги турдаги жиноятлар, шу жумладан, кибержиноятларни фош этиш бўйича тезкор-қидирув фаолияти ислоҳ қилинди, қўшимча куч ва воситаларни жалб қилиш ҳамда ушбу жиноятларга қарши курашиш жараёнларида фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини ҳимоя қилишнинг самарадорлиги янада оширилди.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси таъминланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноятлар ҳақида хабарларни ҳисобга олиш тизими тубдан ислоҳ қилинди, жиноятларни яшириш ҳолатларининг олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланилмоқда. Мурожаатлар билан ишлаш соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этган ҳолда, аҳоли учун уйидан туриб, тун-у кун тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти яратилди. Жиноят ишини қўзғатишни рад этиш институти ислоҳ қилинди ва жиноят ҳақидаги хабарларни рўйхатга олиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди.

Тараққиёт стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2025-йил 30-январдаги «Ўзбекистон – 2030 стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган амалий тадбирлар режасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш белгиланган бўлиб, унга кўра, автомобил йўлларида транспорт воситаларининг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги истироҳат боғлари, хиёбонларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш каби вазифалар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, амалий тадбирлар режасида ишни судга қадар юритиш босқичига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш белгиланган бўлиб, унга кўра, процессуал ҳаракатларни автоматик қайд этиш, маълумотларни онлайн олиш имконини яратиш, маълумотлар ўртасида тафовутлар юзага келишининг олдини олиш, иш материалларини онлайн узатиш имконини яратиш, жиноятларни квалификация қилишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, жиноят ишини қўзғатишни рад этишнинг ягона ҳисобини юритиш, шунингдек, суд экспертизасини онлайн тайинлаш механизмлари жорий этилади.

Хулоса сифатида шуни қайд этиш жоизки, тараққиёт стратегияси дои­мий ҳаракатлар ҳамда изланишлар орқали муаммоларни ҳал этишнинг муҳим манбайи бўлиб хизмат қилмоқда ва барчамизни янада маҳобатлироқ вазифаларни ҳал этишга бошламоқда.

 

Баҳром САИДОВ,

ИИВ Академияси Магистратура бошлиғи, полковник,

профессор.