Ҳал қилувчи куч

Ҳар қандай юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ёшлар таълим-тарбия­си ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар изчил ва самарали амалга оширилмоқда. Уларнинг илғор билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, етук мутахассис, чинакам ватанпарвар инсонлар бўлиб камол топиши учун ҳамма шароитлар яратиб берилмоқда. Кўплаб ёшлар парламентда, ҳукумат аъзолари сафида, давлат бошқаруви органларининг масъул лавозимларида, замонавий корхоналарда, кичик бизнес ва тадбиркорлик, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва спорт соҳаларида – ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жўшқин фаолият олиб бормоқда.


Энг муҳим инвестиция

Ҳар бир ҳудудда «Ёшлар бизнес инкубатори» ташкил этилиши ёшларнинг ғояларини амалга ошириш учун инс­титуционал асос яратади. Бу марказлар орқали бизнес-режа тузиш, ҳуқуқий маслаҳат олиш, молиявий ресурсларга чиқиш имконияти кенгаяди. Ёшларга яратилаётган имкониятлар – Янги Ўзбекис­тоннинг келажагига киритилаётган энг муҳим инвестициядир.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ибратли ишлар қилинмоқ­да. Хусусан, жорий йилда 384,4 минг нафар йигит-қизни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Ёшлар бандлиги дастури» қабул қилиниб, бугунги кунда 414,4 минг нафарининг бандлиги таъминланган. Бу борадаги чора-тадбирлар натижасида 2 474 та маҳалла «ёшлар ишсизлигидан холи ҳудуд»га айланган.

Алоҳида ишлаш талаб этиладиган 51,5 минг ёшлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 4 155 нафар ходимларига номма-ном бириктирилиб, 48,7 минг ёшларнинг ижтимоий ва маиший муаммолари ҳал этилган.


Парламент назорати

2023–2025-йиллар давомида ёшларга оид қонунларнинг ҳудудлардаги ижро ҳолати, Давлат дастури, Президент фармони ва қарорларининг ижросини ўрганиш мақ­садида 15 тага яқин назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилиб, таъсирчан парламент назорати ўрнатилди. Маҳаллий Кенгашлар билан 4 та қўшма қарор қабул қилиниб, ижрога қаратилди.

Сенат аралашуви билан Фарғона вилоятида «Ёшлар дафтари»га киритилган ва сертификат олган 85 нафар йигит-қизга 1 млрд 844,8 млн миқдорида имтиёзли кредит ажратилишига эришилиб, муаммолари ижобий ҳал этилди. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жой билан таъминланиши бўйича назорат олиб борилиб, мингга яқин бола уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, уй-жой билан таъминланган болаларга ўз вақтида зарурий жиҳозлар тақдим этилиши назорат қилинди.

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш борасида ҳудудларда олиб борилган ишлар ҳолати жойига чиқиб ўрганилди ва аниқланган камчиликларни жойида ҳал қилиш бўйича чоралар кўрилди. 

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зона­лари фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар Тошкент вилояти ва пойтахтда ўрганилиб, Сенат Кенгашида муҳокама этилди. Тошкент шаҳрида жойлашган Ёшлар саноат зоналари фаолиятини янада яхшилаш учун 

5 млрд сўм маблағ ажратилишига 

эришилди.

Устувор вазифалар

Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда уларни турли ёт таъсирлар, наркожиноятлардан ҳимоя қилиш энг устувор вазифалардан биридир. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўтган йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик 15 фоизга камайиб, 

4 034 та ҳудуд «ёшлар жиноя­тидан холи маҳалла»га айланган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 

750 дан ортиқ фаол стартап мавжуд бўлиб, уларнинг 75 дан зиёди хорижий ва маҳаллий венчур жамғармаларидан инвестиция жалб қилишга муваффақ бўлган. 

2025-йилнинг ўзида республикада венчур фондларнинг сони 15 тани ташкил этиб, умумий капитал ҳажми 180 миллион долларга етган.

Республикамизнинг барча вилоятларида стартап студиялар ташкил қилиниб, ҳозирда 

27 та ментор 305 та стартапга кўмак бермоқда. Мазкур стартап лойиҳалар 2,7 млн доллар миқдорида инвестиция жалб қилган. Ёшларнинг стартап ло­йиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида энг илғор технологияларни олиб келиб, 

100 та маҳаллий стартапни халқаро миқёсда жозибадор бизнесга айлантириш тадбирларини молиялаштириш учун 

2026 давлат бюджетидан 50 млрд сўм ажратилиши белгиланган.


Уйғониш даври

Бугун Ватанимиз келажагини белгилаб берадиган, янги Уйғониш даврининг асосини ташкил этадиган ҳал қилувчи соҳа – таълим-тарбия тизими жадал ривожланмоқда. Ҳаётда синов­дан ўтган миллий ва хорижий тажрибалар асосида янги-янги билим, санъат ва спорт масканлари барпо этилмоқда.

Президент мактаблари, ихтисослашган ҳамда ижод мактабларида юз­лаб истеъдодли ўғил-қизлар замонавий таълим-тарбия олмоқда, маҳорат сирларини эгалламоқда. Иқтидорли талабалар учун Президент гранти таъсис этилиши, республикамиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендияла­рининг жорий қилиниши, икки ва ундан ортиқ фарзандини шартнома асосида ўқитаётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилиши, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб лойиҳалар, жумладан, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш бўйича илгари сурилган ғоялар улуғвор мақсадларга хизмат қилмоқда.

Юртимиз ёшлари яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда дастлабки умидбахш натижаларни қўлга киритаётгани албатта барча­мизни хурсанд қилади. Хусусан, иқтидорли ўқувчиларимиз ўтган йили халқаро фан олимпиадаларида, ёш спортчиларимиз эса халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимиз олдида турган юксак мақ­садлар йўлида ҳал қилувчи куч сифатида қаралаётган ёшларимиз ўз зиммасидаги улкан масъулият ва жавобгарликни ҳис қилиб, Ватан манфаатлари йўлида янада бирлашиб, том маънодаги тарихий вазифани шараф билан адо этишлари лозим. Зеро, учинчи Ренессанс пойдеворининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилувчи бугунги буюк ғояларда ана шундай улуғ мақсадлар мужассамдир.


Малика Қодирхонова,

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар,

маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.