Адолатли, ҳалол, меҳнацевар инсонлар доимо халқимизнинг ҳурмат-эътиборида бўлган. Узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилган истеъфодаги подполковник Шавкат Отажонов ҳам ана шундай фидойи инсонлардан биридир.

Ёшликдан илм олишга, ўқимишли, маърифатли инсон бўлишга интилган Шавкат Отажонов мактабни тамомлагач, Урганч давлат педагогика институтида таҳсил олди. 

У 1975–1981-йиллар Урганч туманидаги мактабда ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ берди ва келгусидаги фаолиятини халқ таълими соҳасида давом эттирди.

1984-йил Урганч тумани ИИБ бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган Шавкат Отажонов етти йиллик самарали хизмати давомида кадрлар билан ишлаш соҳасидаги билим ва малакасини бойитди. 

1991-йил маёр Шавкат Отажонов вилоят ИИБ бошлиғининг шахсий таркибни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиб, вилоят ва унинг қуйи тизимларида хизмат қилаётган ходимларнинг маънавий-маърифий билимларини ошириш, уларга ижтимоий ёрдам бериш, юртга ва касбга садоқат руҳида тарбиялашда ўзининг раҳбарлик ва ташкилотчилик қобилиятини намоён қилди. Бир қатор услубий ва таҳлилий қўлланмалар ишлаб чиқилишига бош-қош бўлди.

Устоз-шогирд анъаналарига амал қилиб, Кенжа Отажонов, Қаландар Худойберганов, Озод Абдуллаев, Комил Ибрагимов, Хударган Болтаев, Рамонберган Авезовлар кейинчалик ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида раҳбарлик лавозимларида узоқ йиллар самарали хизмат қилишди. 

Шавкат Отажонов вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларида масъул лавозимларда ҳам самарали хизмат қилди ва юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда фаол иштирок этди. Эл-юрт тинчлиги учун қилинган фидойи хизмат бесамар кетмади ва у Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиқлари, кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Ҳаётини юртимиз осойишталиги, жамиятимиз фаровонлигига бахшида этган бу фидойи инсоннинг пенсияга чиққанига ўн етти йилдан ошган бўлса-да, у ҳамон жамиятимиз ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Қолаверса, ёш ходимларни Ватанга муҳаббат, касбига меҳр, бурчига садоқат руҳида тарбиялашда ўз маслаҳатларини аямаяпти. 

Яқинда вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан қутлуғ етмиш ёшни қаршилаган лавҳамиз қаҳрамонига «Ички ишлар органлари фахрий ходими» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Тадбирда Шавкат Отажонов бундай эътибор ва эътироф учун ИИВ ҳамда вилоят ИИБ раҳбариятига ўз миннатдорлигини изҳор этди. 

– Ватанга хизмат қилиш, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш иши ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, – дейди Шавкат Отажонов. – Тақдиримга мана шундай масъулиятли ва шарафли вазифа ёзилганига беҳисоб шукроналар қиламан. Бугун шогирдлар эътибори ва эътирофидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Ширин хотиралар гавдаланди. Буям бир бахт, ахир. Ёшларга бахт ва омад, хизматларига муваффақиятлар тилайман. Юртимиз доимо тинч ва обод бўлсин.

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.