Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний – Бухоро вилояти Ғиждувон қалъасида 1103-йилда туғилиб, 1220-йил вафот этган. Хожаи (Жаҳон хожаси) номи билан бутун дунёга маълум ва машҳур.

Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий – Бухоро вилояти Шофиркон тумани Ревгар қишлоғида туғилиб, юз йилдан зиёд умр кўриб, 1259-йилда вафот этган. Қабрлари зиёратгоҳга айлантирилган.

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий – Вобкент тумани Анжир Фағнавий қишлоғида туғилиб, 1286-йилда вафот этган. Кўплаб каромат соҳиби бўлганлар. Бу қишлоқнинг ҳозирги номи Анжирбоғдир.

Хожи Али Ромитаний – Ромитан тумани Қўрғон қишлоғида таваллуд топган, касби тўқувчи бўлган. 130 йил умр кўриб, 1321-йилда вафот этган. Қўҳна Урганчга дафн қилинган.

Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий – 1259-йилда Ромитан тумани Самос қишлоғида туғилиб, 1354-йилда вафот этган. Қабри шу қишлоқда, касби деҳқончилик бўлган, ғоят нуроний, ўткир назарли зот бўлган.

Ҳазрат Сайид Амир Кулол – Бухоро яқинидаги Сузар қишлоғи (ҳозирги Когон тумани Янги ҳаёт қишлоғи)да тахминан 1281-йилда дунёга келган. Кулолчилик ҳунари билан машҳур бўлгани учун Амир кулол деб аталган. Пайғамбар (а.с.)нинг насабларидан бўлгани учун Сайидлардан ҳисобланади.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд – Бухоро яқинидаги Касри Ҳиндувонда 1318-йилда туғилиб, 1389-йилда вафот қилган. Ҳозирда бу қишлоқ Касри Орифон деб юритилади. Бу мўътабар ном асрлар оша мусулмон оламида «Шайх Нақшбанди», «Хожаи Бузург», «Шоҳ нақшбанд» номлари билан машҳур, у зот асос солган сўфийликнинг Нақшбандия тариқати ҳануз кўплаб мухлисларга эгадир.