Инсон ҳаёти доим бир маромда кечмайди. Гоҳида тўғри ва эгри йўлларга, турфа синовларга рўбарў келиши мумкин. Ана шундай пайтда руҳан синмаган, қийинчиликларни сабот билан енгиб ўтганлар ҳақиқий мард ва олижаноб кишилардир. 2004-йилда ички ишлар органларига ишга кириб, 2016-йилгача самарали хизмат қилган маёр Мансур Мирзакаримов ҳам қисматнинг кутилмаган синовларига дуч келди.

Соҳадаги фаолиятини Тошлоқ тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида бошлаган М. Мирзакаримов кейинчалик ўн йилга 

яқин вазирликнинг Фарғона шаҳридаги Сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида ўқитувчи бўлиб ишлади. 2016-йилда Фарғона вилояти ИИБ Пат­рул-пост хизмати ба­талёни 4-отряд бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Айнан шу йили айрим сабабларга кўра, ўзи севган ва меҳр қўйган касбидан бўшатиб юборилади.

Жорий йилнинг 19-май куни Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан Фарғона шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда унинг етти йиллик изтиробларига узил-ке­сил нуқта қўйилди. Ички ишлар вазири Ман­сур Мирзакаримовнинг мурожаати ва унга алоқадор барча ҳужжатларни синчковлик билан ўрга­ниб чиқиб, шу жойнинг ўзида мутасадди раҳбарларга 10 кун муҳлат ичида уни ишга тиклаб, буйруқ чиқариш ҳақида топшириқ берди.

Вазир Мансур Мирзакаримовга омад тилар экан, келгусида бошқа ходимларга ўрнак бўлиб, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга чақирди. У эса шу лаҳзаларда «Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан» деди-ю, беихтиёр қувончдан йиғлаб юборди.

– Етти йиллик умрим қандай изтиробда ўтгани ёлғиз ўзимга ва яратганга аён, – дейди маёр Мансур Мирзакаримов. – Ўша кунги ҳолатимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Авваламбор, инсон қад­рини улуғлаётган юртбошимизга, адолат ва ҳақиқатни тиклаб, етти йиллик изтиробларимни аритган Ички ишлар вазирига, менга ишонч билдирган Фарғона вилояти ИИБ бошлиғига ҳамда суд органларига миннатдорлик билдираман. Келгусида билдирилган ишончни оқлаш учун бор били­мим, куч-қувватимни ишга солиб, эл-юрт осо­йишталигига муносиб ҳисса қўшаман.

Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи маёр Мансур Мирзакаримов сайёр қабулдан сўнг кўп ўтмай, яна эгнига хизмат кийимини кийди. Ҳозирда Қувасой шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмасида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимида хизмат қилмоқда.

Қаҳрамонимиз хиз­мат қилаётган Қувасой шаҳри Фарғона шаҳрига туташиб кетган. Уйи ва ишхонасининг ораси қарийб 20 чақирим масофа. Юзи ёруғ бўлган ва ўз касбини яна давом эттираётган юрт ўғлони ҳар куни эрта тонгда фарзандлари билан хайрала­шиб, хизматга отланаркан, йўл-йўлакай амалга оши­рилаётган бунёдкорлик ишларини, меҳнат қучо­ғига шошаётган замондошларини кўриб, инсон қадри ва манфаатлари олий даражада улуғланаётган ана шундай юртда 

яшаётганига шукрона келтиради.

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Постда» мухбири.

Фарғона вилояти.