Бировга чуқур қазимоқчи бўлсанг – ўз бўйингга ўлчаб қази, чунки ўша чуқурга ўзинг тушасан.

* * *

Бахтиёр дамлардан кейин бирдан бахцизлик келиб қолса, ажабланманг. Чунки улар азалдан эгизакдирлар.

* * *

Болангизга кам-кам беринг – бир камига яратади.

Кўп берманг – бир кун келиб, юзингизни ерга қаратади.

* * *

– Э Худо, – дебди дангаса ётган жойида.

Шунда ёнидаги шериги: «Мен учунам Худо девор, оғайни», дермиш.

* * *

Кекса одамга учта нарса керак бўлади: юмшоқ сўз, юмшоқ таом ва юмшоқ тўшак!

Жиноятнинг боши дангасалик ва ишёқмасликдадир.

* * *

Тоққа бир кунлик сайрга чиққан жўралар бир-бирига қараб, мақтанишди:

– Қойил, яримта қўйни еворибмиз-а...

– Мана кўрасан, янаги сафар битта қўйни еворамиз.

* * *

Қадимда бир донишманд айтган экан:

– Замонлар келар, ҳамманинг тагида йўрға (машина дейилмоқчи) бўлади, аммо борди-келди зўрға бўлади.

Дарҳақиқат, жигаримизнинг эшигининг тагидан «ғув» этиб ўтиб кетамиз-у, бош суқишга вақтимиз йўқ.

Эркин МАЛИК,

ёзувчи.