Мамлакатимиз бўйлаб истиқлол байрами шукуҳи кезиб юрган шу кезларда жойларда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғояси остида бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақлари ўтказилмоқда.


Хусусан, ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлиги томонидан пойтахтимизнинг Миробод туманидаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.


Дастлаб мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида “Мустақиллик қаҳрамонлари” мавзусида маърифий учрашув бўлиб ўтди. Ёш авлодни мард, жасур, ватанпарвар қилиб тарбиялаш, мустақилликнинг бебаҳо неъмат эканлигини англатиш ва уни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини онгига сингдириш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбир давомида юртимиз мустақиллиги осонликча қўлга киритилмагани, бу йўлда кўплаб фидойи инсонлар қурбон бўлгани айтиб ўтилди.


Шунингдек, шу куни “Армия ва халқнинг кучи – бирликдадир!” шиори остида ҳарбий хизматчилар, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирокида спорт мусобақалари, маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ҳарбий қисм оркестри жамоаси маҳалла бўйлаб ҳаракатланиб, жўшқин ва жанговар руҳдаги куйларни ижро этишди. Ёшлар ўртасида стол тениси, шашка, шахмат ва воркаут ўйинлари ташкил этилди. Маҳаллада фаолият кўрсатаётган бадиий гимнастика тўгараги тарбияланувчиларининг чиқишлари ҳам аҳолига манзур бўлди.


Ёрқин таассуротларга бой бўлган тадбир якунида спорт мусобақалари ва бадиий гимнастика чиқишларида фаол иштирок этган ёшларга эсдалик совғалари топширилди.


Ўз мухбиримиз.