Маънавият ва маърифат дарси

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ички ишлар органлари ғоят шарафли ва масъулиятли йўлни босиб ўтди, тинчлик-осойишталик­ни, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини ҳимоя қилишнинг ишонч­ли ҳимоячисига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг тегишли қарор ва фармонлари асосида ички ишлар органларида янги ислоҳотлар ўтказилиб, уларнинг фаолияти янада такомиллаштирилди. Фуқаролар­нинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизли­гини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Ички ишлар органлари учун малакали миллий кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилиб, моддий-техник таъминоти яхшиланди.

Давлатимиз раҳбари ички ишлар органлари жамият ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутиши ҳақида алоҳида тўхталиб, «Халқимиз Яратгандан аввало тинчлик-хотиржамлик­ни сўрайди. Шундан сўнг, ўз уйим, бошпанам бўлса, оилам, бола-чақам билан соғ-саломат яшасам, дейди. Биз халқимизнинг ана шундай орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун иккита масалага, яъни ички ишлар ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратаяпмиз», деб таъкидлади.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳар бир раҳбар ва ходимнинг жиноятчиликка қарши курашишга бўлган қараши тубдан ўзгарди. Уларнинг кундалик хизмат фаолияти рақам ва фоизлар орқасидан қувиш эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш биринчи навбатдаги вазифасига айланди.

Тизимдаги барча соҳавий хизматлар қайтадан ислоҳ этилди. Замон талабидан келиб чиқиб, хавфсиз туризмни таъминлаш, пробация, су­риштирув ва кибержиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган бўлинмалар янгитдан жорий этилди.

Жамоат жойларида хавфсизликни «инсон омили»ни истисно этган ҳолда таъминлаш учун, йўл-патрул ва пост-патрул хизмати ходимлари «бодикамера», алкотестер, ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи планшетлар билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбари жамият ҳаёти учун катта таҳдид бўлган уюшган жиноятчилик, терроризм,

экстремизм, коррупсия, одам сав­доси ва наркотрафикка қарши кураш кучайтирилгани, бу борада илм-фан ютуқлари ва илғор технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилгани, ана шундай ислоҳотлар натижасида ички ишлар органлари замонавий техника билан таъминланган, халқчил ва очиқ, криминоген вазиятни мустаҳкам ва ишонч­ли назорат қила оладиган, мобил ва ихчам тузилмаларга айла­ниб бораётганини, энг муҳими, соҳа ходимларининг маънавий қиёфаси, жамиятимиздаги обрў-эътибори юксалиб бораётганини қайд этди.

Ички ишлар органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг янги тизими ўрнатилгани, ички ишлар органи бошлиғидан тортиб профилактика инспекторигача халқ олдида ҳисобот берадиган амалиёт жорий этилгани аҳолининг ислоҳотларга бўлган ишончини янада оширмоқда.

Халқ билан йўлга қўйилган самарали очиқ мулоқотлар натижасида жиноятчилик даражаси ҳам йилдан-

йилга камайиб бормоқда. Айни вақтда Ўзбекистон жиноятчилик кўрсаткичига кўра дунё бўйича ҳар юз минг аҳоли сонига нисбатан жиноятлар сони энг кам бўлган давлатлар ўнталигидан ўрин эгаллаган.

Мамлакатимизда Ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилаётгани, соҳада ўз бурчи ва қасамёдига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар ходимлар сони кўпайишига

хизмат қилмоқда.

Бу борада ИИВ Академиясида 8 та йўналиш бўйича кундузги ва сиртқи шаклда ўқиш тизими йўлга қўйилди. Ёшликдан бошлаб кадрлар ўзагини шакллантириш мақсадида, 14 та идоравий академик лицей, «Темурбеклар мактаби» ва ихтисос­лашган мактаб-интернат ташкил этилди.

Ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ва маиший шароитларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиши натижасида, ходимлар учун хизмат уйи қурилди, хонадонларни олиш учун ипотека кредити расмийлаштириш йўлга қўйилди. Замон талабига жавоб берадиган маъмурий бинолар қурилиб, кўплаб замонавий хизмат транспорт воситалари харид қилинди.

Хизматда ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига имтиёз асосида ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш йўлга қўйилди.

Ички ишлар органларида бошқарув тизими мутлақо янги шаклда тузилди. Яъни, турдош соҳавий хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш учун бевосита вазир ўринбосари томонидан бошқарилаётган Тезкор-қидирув, Жамоат хавфсизлиги, Транспорт ва туризм обектларида хавфсизликни таъминлаш, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментлари ташкил этилди.

Ўз навбатида, жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш мақсадида, республикадаги барча маҳаллаларда криминоген вазият танқидий кўриб чиқилиб, «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилди. Маҳаллаларда маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилиб, «жиноят ўчоқ»ларини бартараф этиш учун уларнинг ҳар бири туман-шаҳар ҳокими, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва ўринбосарларига бириктирилди.

Ривожланган мамлакатлар таж­рибасини ўрганиш асосида, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмоқ­да. Республикамизнинг пойтахти ҳамда йирик шаҳар ва туманларида марказлашган видеокузатув тизими орқали жамоат жойлари, маҳаллалар, савдо мажмуалари, ўқув юртлари, кўчалар ва аҳоли гавжум бўлган бошқа ҳудудлардаги вазиятни кузатиб туриш тизими яратилди.

Давлатимиз раҳбари амалга оширилган ишларга баҳо берар экан, «Кўрилаётган чоралар натижасида фуқароларимизда адолат ва қонун устуворлигига ишонч пайдо бўлмоқда. Лекин хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп», – дея алоҳида таъкидлади.

 Ишга янгича ёнда­шиш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш, фидойилик ва жонкуярлик кўрсатиш ички ишлар органларининг барча бўғиндаги раҳбар ва ходимлари хизмат фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур. Халқ манфаатларига хизмат қилиш, чинакам халқчил, халқпарвар бўлиш хизмат фаолиятимизнинг бош мезони бўлиб қолиши керак. Зотан, ички ишлар органи давлатнинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим сифатида, юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётнинг янги даври пойдеворига ҳам муносиб ҳисса қўшиши лозим.

 

Баҳром САИДОВ,

ИИВ Академияси бошқарма бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор.