Жиззах вилояти Иибда жорий йилнинг ўтган даврида соҳа вакилларининг қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолияти таҳлил этилди. Видеоселектор йиғилишини вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров бошқариб борди.
Танқидий руҳда ўтган тадбирда вилоятда умумий жиноятлар сони камайган бўлишига қарамасдан бир қатор ҳудудларда айрим турдаги қонунбузарликлар ортишига йўл қўйилгани билдирилди. Чунончи, оғир тан жароҳати етказиш ҳолатлари Арнасой, Зомин ва Пахтакор туманларида, товламачилик жинояти Жиззах шаҳри, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларида кўпайганлиги қайд этилди.
Ўз навбатида жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кучайтириш, тунги патрулликни самарали ташкил этиш, жиноят қилиши мумкин бўлган шахслар билан профилактик тадбирларни мунтазам ўтказиш, жойларда инспектор-психологлар фаолиятини жонлантириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш сифатини яхшилаш, қидирувдаги шахсларни ушлаш, савдо ва маиший хизмат шохобчалари ҳамда хонадонларни қўриқловга олиш, кузатув камералари сонини ошириш каби қатор масалалар кўриб чиқилиб, масъулларга камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда учинчи сектор штабларининг фаолиятини кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Мазкур жараёнда асосий эътибор аҳоли муаммоларини ҳал қилиш нуқтаи назаридан маҳалла фаоллари билан ҳамкорлик қилиш, жиноятларнинг олдини олиш, сектор раҳбарларининг шахсий ташаббуси асосида йирик лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
