Аёл нозик ҳилқат, унинг табиати эзгулик билан ҳамоҳанг. Лекин ўз шаънига тўғри келмайдиган нотўғри йўлни танлаб, панжара ортига йўл олса-чи?
Чортоқ туманида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро А.Х. га турмушидан ажраганининг ўзи катта жазо бўлиши керак эди. Лекин у ота уйида ҳам тинч ўтирмади, яқинларига озор етказди. Отасидан қолган уйни мўмай пулга сотиб, осон даромад топишни ният қилди. Онаси, икки акаси ва уларнинг оила аъзоларини кўчада қўйди.
Ўзи ва оила аъзолари яшаб турган хонадонни 280 млн. сўмга сотиб юбориб, харидорнинг номига уйни ўтказиб берди. Шундан кейин харидор уйни бўшатишларини талаб қилди. Аёлнинг яқинлари уй излаб, кўчада сарсон-саргардон бўлиб юришга мажбур бўлди.
Фирибгар аёл эса уйнинг пулини шахсий эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборди...
А.Х. жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, ўзи вақтинча яшаб турган Чортоқ тумани, “Мустақиллик” маҳалласида жойлашган кўп қаватли турар жой мажмуасидаги хонадонлардан бирини ўзига тегишли эканлигини айтиб, уй эгаси М. Н.га билдирмай, 9.000 АҚШ долларига Х.З.га сотиб юборди. Хонадонни 15 кунда бўшатиб беришга ваъда бериб, харидордан аввалдан 8.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини олиб, жуфтакни ростлади.
Андишани унутган аёлнинг хурмача қилиқлари яна давом этаверди. Укаси ва қўшнилари билан ҳам келишмовчилик чиқиб, уларни бир неча маротаба жамоат жойида уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлади.
Фуқаро А.Х.нинг хатти-ҳаракатларидан азият чеккан жабрланувчилар туман Иибга мурожаат қилишга мажбур бўлишди. Туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро А.Х.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди ҳамда у Ўзбекистон Республикаси Жкнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 140-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги сабабли жиноят иши айблов хулосаси билан Жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судига юборилди.
Қанчалик азият чеккан бўлсалар-да, жигарчилик, қўни-қўшничилик юзасидан жабрланувчилар етказилган зарарлар қопланганлиги учун ўз даъвосидан кечдилар. Айбланувчи қамоқдан озод этилиб, унга нисбатан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Муҳаммадсодиқ УМАРЖАНОВ,
Чортоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси терговчиси,
катта лейтенант.
