Ҳудудларда криминоген вазиятни барқарор сақлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда самарали усуллардан фойдаланиляпти. Навоий вилояти ИИБ бошлиғи жойларда айни мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилди.
Муҳокама давомида вилоятнинг айрим ҳудудларида фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари сони ортгани танқид қилинди. Бу каби жиноятларнинг олдини олиш учун аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ҳамда ҳушёрлигини ошириш, интернет тармоқлари орқали содир бўлаётган кибержиноятлардан фуқароларни доимий бохабар қилиш зарурлиги борасида фикрлар билдириб ўтилди. Шунингдек, қизил тоифага киритилган маҳаллалардаги вазият, тунги патрул гуруҳлари фаолияти ҳамда ҳудудларни камералаштириш борасидаги ишлар ҳам кўриб чиқилди. Бундан ташқари, ёшлар ва хотин-қизлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик ҳолатларига жиддий эътибор қаратиш, айниқса, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида секторлар фаолиятини янада жонлантириш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, яқинлашиб келаётган Наврўз айёмини кўнгилдагидек ўтказиш, жамоат жойларида фуқароларнинг хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан ҳам вазифалар белгиланди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
