Ҳазорасп тумани ИИБ ҲПБ ходимлари профилактика куни доирасида бир қатор тарғибот тадбирларини амалга оширишди. Унда асосий эътибор, содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва унга ижобий ечим топиш масалаларига қаратилди.

 – Профилактика куни давомида оилалардаги маънавий муҳитни яхшилаш, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларга амалий ёрдам бериш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди, – дейди туман ИИБ ҲПБ ХҚМБ катта инспектори, катта лейтенант Анапошша Қурбонова. – Шунингдек, муқаддам судланган, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, яшаш манзилидан узоқ муддатга хорижга кетган ҳамда ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаётган шахслар билан тизимли ишлар олиб борилди.

Айниқса, маҳаллалар ва ўқув муассасаларида “Зўравонликка қарши 16 кун” профилактик-тарғибот тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилди. Бундан ташқари, ўрганишлар жараёнида хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун уларга шарт-шароит ва имкониятлар яратиб бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тегишли ташкилот ва муассасаларнинг вакиллари билан амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Худойберган ЖАББОРОВ,

 “Постда” мухбири.