Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниб, конституциявий қонун 2023 йилнинг 1 май санасидан кучга кирди.
Жараёнларнинг энг бошидан халқ фикри, хоҳиш-истагига таянилгани катта аҳамиятга эга. Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ишлари қарийб бир йил давом этган бўлса, шу вақт ичида юртдошларимиз бунга бефарқ бўлмади, ўз фаоллигини намоён этди. Шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон лойиҳа бўйича ўз муносабати, фикр ва таклифларини бериши учун кенг майдон яратилди. Таклифлар эса шунчаки қабул қилинмади, балки аксарияти инобатга олиниб, қонун лойиҳасига киритилди.
Ҳеч шубҳасиз бу катта ва масъулиятли жараён, халқ овозининг ифодаси эканини ҳар биримиз ҳис этиб турибмиз. Фуқаролар ўз келажаги, янада фаровон ҳаёти учун овоз берди. Зеро, янги Конституцияда аҳолини қийнаб келаётган долзарб масалалалар, муаммоларга аниқ ечимлар киритилган. Улардан бири аҳоли бандлиги ва бунда гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ.
Тан олишимиз керак, бугунгача хотин-қизларни айрим ташкилотларга ишга қабул қилишда «ёзилмаган қоидалар» тўсқинлик қилар эди. Эндиликда, бундай ҳолатларга чек қўйилади. Жумладан, Янги Конституциянинг 42-моддасида: «Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш таъқиқланади», деб белгилаб қўйилди. Бу жамиятимизда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, ҳар бир шахс энг кам иш ҳақи олганда ҳам муносиб ҳаёт кечир иши ва энг асосийси, меҳнат шароити талаб даражасида бўлган ҳолатда ишлашини таъминлаши шубҳасиз.
Янгидан қабул қилинган Конституциямизнинг 43-моддасида эса «Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради» дейилган. Бу ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Гулора ХУДЖАЕВА,
Учтепа тумани ИИОФМБ 3-сон ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант.
