Янги Ўзбекистонда давлат бошқарувида бюрократияни қисқартириш, давлат органлари фаолиятини рақамлаш­тириш орқали коррупсияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, шу­нингдек, давлат хизматларини соддалаштириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорларга «халқ хизматидаги давлат» тамо­йили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Давлат бошқарувининг барча бўғинларида амалга оширилаётган бу каби тизимли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда, яъни янгича фикрлаш, тафаккур ва дунёқараш шакл­ланмоқда. 

Давлат сиёсатини давлат хиз­матчилари ташкил этадиган бошқарув аппарати амалга оширилаётганлиги боис, 

унинг самарадорлигини ошириш долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, давлат бошқарувида ҳам институционал ислоҳотларни амалга ошириш, бошқарув самарадорлигини таъминлашда инновацион менежмент инструментлардан фойдаланиш давр талабига айланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 

14-июлдаги «Давлат бошқаруви тизимида сама­радорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ислоҳотлар ижросини эксперт жиҳатидан таъминлаш, самарадорли­гини ошириш, ҳудудлар ва тармоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бизнес муҳитини янада яхши­лаш, давлат органла­рининг масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, бошқарувнинг барча бўғинлари ўртасидаги ҳамоҳанг­ликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор вазифалар белгиланди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида бюрок­ратик тўсиқларни бартараф этиш, такрорланувчи назорат функсияларини бекор қилиш, қарор қабул қилишда шаффофлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган республика ва маҳаллий ижро органлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Маълумки, давлат хизматининг самарали фаолият юритиши, давлат аппарати ва давлат хизматининг ҳолати мамлакат аҳолисида унга нисбатан тасаввурларни пайдо қилади. Давлат номидан қарор қабул қилаётган хизматчининг билими, салоҳияти, ҳаракати ва фаолиятига қараб давлат аппаратига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига баҳо берилади. Шу боис давлат хиз­матининг қандай шаклланганлиги, унинг демократик талаблар ва бошқарув тамойилларига мос эканлиги муҳим аҳамият касб этади. 

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини юқори мала­кали кадрлар билан таъминлаш, улар билан доимий ишлаш, мала­касини ошириш, қайта тайёрлаш, самарали давлат хизматчилари заҳирасини шакл­лан­тириш масалалари Янги Ўзбекистон олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. 

Давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, ҳудудларда янги имкониятларни аниқлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат органларида инсон ресурслари билан ишлаш тизимини такомиллашти­риш мақсадида 

2025-йил 6-декабрда «Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон қабул қилинди.

Унга кўра, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги неги­зида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, ҳудудларда янги имкониятларни аниқлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш, шунингдек давлат органларида инсон ресурсларини бошқариш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш йўналишларидаги фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди.

Шу билан бирга, давлат органларида ходимларнинг коррупсияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилади. Унинг натижасига кўра, ходим­нинг коррупсияга қарши барқарорлик даражаси «паст» деб баҳоланиши мазкур лавозимда меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришига монелик қилувчи ҳолат ҳисобланади ҳамда хо­дим коррупсиявий хавф-хатар даражаси «паст» бўлган бошқа лавозимга мажбурий равишда ротация қилинади.

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Муро­жаатномасида коррупсияга қарши курашда кескин ва қатъий позицияни эълон қилди. Давлатимиз раҳбари таъкидла­ганидек, 2026-йил коррупсияга қарши курашда «фавқулодда ҳолат» йили сифатида белгиланади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, «Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди», деганлар қаттиқ адашади. Ҳеч бир идора, ҳеч бир ташкилот, ҳеч бир мансабдор назоратдан четда қолмайди. Комплаенс хизматининг ишига тўсқинлик қилиш – коррупсияга шериклик сифатида баҳоланади.

Давлат органларида бўш бўлган давлат фуқаролик хиз­мати лавозимларини эгаллашда янгича тизим, кадрлар захира­сини юритиш бўйича эса янги тартиб жорий этилади. Унга кўра, давлат органлари томонидан миллий кадрлар захирасига киритилган лавозимлар учун номзод­лар рўйхати мустақил шакллантирилади. Саралашдан ўтган номзодлар тарафидан шахсий ривожланиш режаси­нинг бажари­лиши «захира.бса.уз» электрон платформаси орқали мониторинг қилинади. Салоҳиятли кадрлар захирасига номзодлар маҳаллада фаолият кўрсатаётган маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари орасидан туман (шаҳар) ҳокимларининг хулосаси асосида ишчи гуруҳ томонидан сараланади. 

Юқорида қайд этилган фармон билан давлат бошқарувида «вазифа – функсия – ресурс – жавобгарлик» занжири асосида самарадорликни ошириш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда Адлия вазирлиги давлат органлари билан биргаликда, уларнинг барча вазифа ва функсиялари 5 та даражага таснифланган ҳолда, «Давлат функсиялари» автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимига киритиши белгиланди. 

Хулоса қилиб айтганда, эндиликда жонажон Ватанимизда янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатларда, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупсия ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратилади. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизими ривожлантирилади, бошқарув самарадорлиги оширилади. «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойилни амалиётга татбиқ этишнинг янада самарали механизмлари жорий этилади.

Баҳром САИДОВ, 

ИИВ Академияси Магистратура бошлиғи, 

полковник, юридик фанлар доктори, профессор.