Дарҳақиқат, соҳа ходимларининг жамоатчилик орасида мавқейини янада ошириш, халқимизнинг мазкур касбга бўлган ҳурмат ва эътиборини кучайтириш, фуқаролар билан бўладиган муносабатларда ички ишлар органлари ходимлари ўзларини юксак маданиятли ва маърифатли инсон сифатида намоён этишларини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Халқ хизматчиси сифатида ходим фуқаролар билан бўладиган мулоқотда одоб-ахлоқ қоидаларидан четга чиқиши мумкин эмас. Ҳар бир ходим билимли, касбий малакаси юксак, маданиятли, ташкилотчи, жонкуяр, ҳалол, эл-юртига ва қасамёдига содиқ бўлиши керак.
Ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг мансабдор шахслари билан муносабатлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда хулқ-атвор, одоб-ахлоқ мезонлари Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодексида белгилаб қўйилган.
Унда муомала маданиятига риоя этиш ички ишлар органлари ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланиши, ички ишлар органига ёки аниқ бир ходимга мурожаат қилган ҳар қандай шахс зудлик билан қабул қилиниши ва эътибор билан тингланиши шартлиги, барча даражадаги раҳбарлар ўз ходимларини қўполлик ва лоқайдликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашлари, ўзаро ва фуқаролар билан қўпол муомалада бўлиш ҳолатларига қатъий муносабат билдиришлари ҳамда хулқ-атвор ва муомала маданияти билан шахсий намуна кўрсатиши зарурлиги белгиланган.
Унутмаслик керакки, осойишталик посбони ҳам, аввало, халқдан чиққан оддий инсон. Шунинг учун ўзини фуқаролардан устун қўйиши, уларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиши ёки қўполлик қилиши, ёлғон гапириши ёхуд бошқа асоссиз баҳоналар билан уларни чалғитиши мумкин эмас.
Шу билан бирга, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар ва муомала (ҳақорат қилишга) йўл қўйиш, уларга нисбатан қонунга хилоф равишда жисмоний куч ишлатиш ёки шундай куч ишлатиш билан қўрқитиш, жисмоний шахслар мурожаатларини кўриб чиқишдан бўйин товлаш ёки кўриб чиқишни асоссиз рад этиш ҳамда хизмат зарурати билан ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) шахсларни асоссиз куттириб қўйиш ман этилади.
Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим ходимларимиз юриш-туриши, кийиниши, ўзини тутиши ҳамда салбий ахлоқи билан хизмат интизомини қўпол равишда бузаётганлигини кузатишимиз мумкин.
Энг муҳими, ходимларнинг асосий вазифаси ёт иллатларнинг йўлини тўсиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қадр-қимматини, ор-номусини, давлат, ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш эканлигини асло унутмаслиги лозим.
Фуқаролар ички ишлар органлари ходимидан фидойилик, ишчанлик, аниқлик, жонкуярлик, хушмуомалалик каби фазилатларни кутишади. Ташаббускор ходим иш бўйича келувчиларга хотиржамлик, босиқлик, вазминлик билан аниқ маслаҳатлар беради.
Мурожаат қилиб келган фуқаролар билан муомалада ходим димоғдорлик, манманлик, қўполлик, гердайиш, кинояли, дағал тарзда танбеҳ бериш, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи сўзлар ишлатиш, асосланмаган айблар қўйиш, таҳдид солувчи ҳамда фуқароларнинг қадр-қиммати ва шахсини таҳқирловчи бошқа хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги лозим.
Агарда ҳуқуқбузар, ходим томонидан берилган танбеҳга дағаллик билан жавоб қайтарса, уни тинчлантириши, ўз ҳаракатларининг ноқонунийлигини тушунтириш пайтида албатта тегишли қонунлар, қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш зарурлигини журъат билан уқтириши лозим.
Бирор кишининг ҳужжатини текшириб кўриш зарурияти туғилганда, ходим унинг олдига келиб, қўлни бош кийимига яқинлаштириб саломлашиши, вақтини олганлиги учун узр сўраши ва мулойимлик билан мурожаат қилиши лозим. Асаби бузилган, қўрққан, шошилиб қолган одамларга нисбатан кўпроқ илтифотли бўлиш даркор, чунки таъсирчан, асабий кишилар, айниқса, аёллар ва вояга етмаганлар учун ҳужжат текшириш ҳолатининг ўзи ҳам қаттиқ таъсирланишга сабаб бўлади.
Маълумки, бугун биз глобаллашув жараёнлари шиддат билан тезлашаётган, ахборот технологиялари ривожланаётган асрда умргузаронлик қилмоқдамиз. Шуни инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари ходимлари обрўсини поймол қилишга қаратилган ҳар хил иғвогорона ҳаракатларнинг олдини олишда ҳам касбий маданият муҳим аҳамият касб этиши бегумондир.
Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ички ишлар органлари ходими тимсолида ўзининг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳар қандай тажовузлардан муҳофаза қилишга ва оғир дамда ёрдам беришга тайёр бўлган ҳимоячисини кўриши ҳамда ўзининг хавфсизлиги таъминланганлигини ҳис қилиши зарурлигини ҳисобга олиб, юксак маданиятли, муомалали бўлиш муҳим аҳамият касб этишини
унутмаслик лозим.
Азизжон ФАЙЗИЕВ,
подполковник.
