Бугунги кунда дунёнинг барча мамлакатларида ўз ички сиёсати ва имкониятларига кўра бу иллатга қарши мунтазам равишда кураш олиб борилмоқда.
Коррупсияга қарши курашишнинг долзарблиги шундаки, айнан ушбу иллатни йўқ қилмасдан туриб, қонун устуворлигини тўлиқ таъминлаб бўлмайди. Коррупсиянинг пайдо бўлиши кимнингдир ҳуқуқи поймол бўлиши, мамлакат ривожланишига салбий таъсир этиши, жамиятни издан чиқаришигача олиб келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Коррупсия ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барча соҳаларига, жумладан, иқтисодиётга, ижтимоий соҳага ва ҳаттоки сиёсатга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.
Ҳар қайси давлатнинг ривожланишига қарши тўсқинлик қилибгина қолмай, балки миллий хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солиши мумкин.
Коррупсия даражаси мамлакатнинг халқаро майдондаги сиёсий ва иқтисодий обрўсига ҳам кучли таъсир кўрсатиб келмоқда. БМТ маълумотларига кўра, коррупсия оқибатида жаҳон иқтисодиёти ҳар йили 2,6 триллион доллар йўқотмоқда.
Мамлакатимизда ушбу иллатга қарши курашиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, коррупсиявий жиноятларнинг олдини олиш, уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаб, бартараф этиш мақсадида 2017-йилда «Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Ушбу йўналишда самарали фаолият олиб борадиган Ўзбекистон Республикаси Коррупсияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида коррупсияга қарши курашиш масаласи алоҳида акс эттирилди.
«Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда «коррупсия», «коррупсия ҳуқуқбузарликлари», «манфаатлар тўқнашуви» каби тушунчаларга таъриф берилган, коррупсияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Бу борада муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, коррупсиянинг олдини олишга қаратилган маъмурий
ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Биринчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими такомиллаштирилди.
Турли даражадаги мансабдор шахсларнинг аҳоли билан мулоқотини таъминлаш, фуқароларнинг долзарб масалалар бўйича тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти қуйи ва ўрта бўғинлардаги коррупсия ҳодисаларини сезиларли даражада камайтириш имконини берди.
Иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва уларнинг
оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилди, чунки очиқлик ва ошкоралик мавжуд бўлган жойда коррупсионерларга ҳаракат қилиш қийинроқ.
Учинчидан, давлат хизматлари кўрсатиш тизими тубдан ислоҳ қилинди.
Аҳолига 150 дан ортиқ давлат хизматлари қулай марказлаштирилган ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида кўрсатилмоқда.
Тўртинчидан, сўнгги йилларда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш механизмлари, шунингдек, жамоатчилик назорати институтлари такомиллаштирилди. Рақамли ва онлайн технологиялардан кенг фойдаланиш давлат органларининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериш даражасини оширди. Масалан, ер участкалари ва давлат активларини, шунингдек, автотранспорт воситалари учун давлат рақами белгиларини онлайн ауксионлар орқали сотиш тизими йўлга қўйилиб,
доимий равишда такомиллаштирилмоқда.
Бешинчидан, Президентимизнинг тегишли қарори доирасида ҳар бир вазирлик ва давлат органи ҳузурида давлат ташкилотлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини таъминлашда муҳим бўғин ҳисобланган жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош
Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида коррупсияга қарши курашишга алоҳида урғу бераркан, Ўзбекистонда ушбу ҳодисага қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилгани, бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилингани, мустақил тузилма яратилгани мамлакатимиз учун бу йўлнинг аҳамияти бутун дунёга намоён бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистон томонидан коррупсияга қарши курашишнинг самарали молиявий, ҳуқуқий ва институционал механизмларини яратиш борасида амалга оширилган ишлар ўз самарасини бермоқда. Лекин шуни таъкидлаш керакки, коррупсияга қарши курашиш шунчаки бир неча йиллик вазифа эмас. Бу узлуксиз жараён бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати ўзи олиб бораётган коррупсияга қарши ислоҳотларнинг ушбу соҳадаги халқаро стандартларга мувофиқ муваффақиятини таъминлаш учун янги қадамларни қўйишга қатъий интилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда коррупсияга қарши кураш борасида амалга
оширилаётган эзгу ишлар халқимиз розилигини қозониш, янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини барпо этиш, юксак тараққиёт босқичига чиқиш учун муҳим асос бўлади.
Ғайратулла ШУКУРОВ.
