2026-йил 13-март куни Президентимиз раҳбарлигида «Халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш тўғрисида» ўтказилган видеоселектор йиғилишида мурожаатлар билан ишлаш йўналишида Ички ишлар вазирлигининг намунасини яратиш бўйича топшириқ берилган эди.

Шунга кўра, Вазирлик раҳбарияти, таркибий ва ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари томонидан аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларни шахсан қабул қилиб, муаммоларини эшитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги бир йилда аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларга ечим топиш мақсадида ҳар ойнинг сўнгги якшанба кунлари фуқаролар биринчи раҳбарлар томонидан шахсан қабул қилиниб, улар билан очиқ мулоқот ўтказилмоқда.

Айнан вазирликда бир йил давомида ўтказилган 11 та қабулда 6 641 нафар фуқаро билан очиқ мулоқот қилинди. Жумладан, 2025-йилда 5 391 нафар, 2026-йилнинг ўтган даврида 1 250 нафар фуқаро қабул қилинди.

Фуқаролар ўз мурожаатларида асосан суриштирув ва тергов жараёнларида юзага келган муаммолар (1 642 та), ички ишлар органлари хизматига қайта тикланиш (1 425 та), терговга қадар текширувга оид (618 та) ҳамда афв ва маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолатига доир масалалар (240 та) юзасидан мурожаат қилган.

Шунингдек, ҳафтанинг белгиланган кунлари тергов, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, кадрлар билан ишлаш масалалари бўйича вазир ўринбосарлари томонидан шахсий қабуллар ўтказиб келинмоқда. Бу қабуллар жараёнида 5 711 нафар фуқаро билан очиқ мулоқот ўтказилиб, муаммолар бўйича қонуний чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, ҳудудий ички ишлар органларининг биринчи раҳбарлари томонидан ҳам аҳоли билан доимий равишда кунлик шахсий ҳамда ҳар ҳафтанинг якшанба куни оммавий сайёр қабуллар ўтказиб борилмоқда. Мазкур жараёнда 38 944 нафар фуқаро билан очиқ мулоқот ўтказилиб, муаммолар бўйича қонуний чоралар кўрилган.

Қайд этиш керак, 2025-йилда Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонага Ички ишлар вазирлиги тизими ваколатига оид масалалар юзасидан 89,4 минг нафар фуқародан 148,2 мингта мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 98 562 таси ёки 70 фоизида келтирилган важлар бугунги кунда қаноатлантирилди.

Амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2025-йилда Президент виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган жами мурожаат 2024-йилга нисбатан 32 734 тага ёки 25 фоиз камайди.

Мурожаатлар билан ишлашда мулоқот маданиятига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Негаки, ҳар бир фуқаронинг феъл-атвори ва муомаласига монанд суҳбатлашиш, муаммоси ва ташвишларини вазминлик билан тинглаш, саволларига одоб билан жавоб қайтариш уларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис ҳар бир ички ишлар идораси ходими қачон, қаерда, қандай вазиятда бўлишидан қатъи назар, мурожаат қилган фуқаро билан хушмуомала бўлиши шарт. 

Жорий йил 1-апрелдаги «Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, 1-майдан бошлаб Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар устидан реал вақт режимида назорат ўрнатилади. Белгиланган муддатдан кечиккан мурожаатлар автоматик равишда юқори турувчи давлат органига ўтказилади. Шунингдек, мурожаатлар «шошилинч», «одатий» ва «маслаҳат талаб қилувчи» тоифаларга ажратилади, назоратга қайтарилган мурожаатлар эса 3 иш куни ичида қайта кўриб чиқилади.

Фармонга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича ҳисоботлари ҳар чоракда камида бир марта парламент палаталарида эшитилади. Ҳудудларда эса ҳокимлар ва маҳаллий идоралар раҳбарлари ҳисоботлари тегишли кенгашларда муҳокама қилинади. Ахборот хизматлари Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда мурожаатлар билан ишлаш жараёнини ёритади ва оммавий ахборот воситаларида билдирилган эътирозларни таҳлил қилиб боради.

Шунингдек, фармон билан Президент Халқ қабулхонаси ташкил этилиши белгиланди. Унга Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади ва фуқароларни мунтазам қабул қилиб, муаммоларни жойида ҳал этиш чораларини кўради.

Бундан ташқари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан тақдимотлар жараёнида аҳоли мурожаатларида кўтарилган тизимли муаммолар ва уларнинг ечими бўйича алоҳида ҳисобот бериш тартиби жорий этилади. Давлат органлари ва ҳокимликлар томонидан ўтказиладиган шахсий ҳамда сайёр қабуллар тўлиқ рақамлаштирилиб, жараён устидан назорат кучайтирилади.

Президент виртуал қабулхонасида мурожаатлар реал вақтда назорат қилинади. ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги эътирозлар давлат органлари ахборот хизматлари самарадорлигига таъсир қилиши қайд этилди.

Шу боис вазирлик ахборот хизмати ОАВ ва ижтимоий тармоқларда мурожаатларни кўриб чиқиш юзасидан билдирилган эътирозларни доимий ўрганиб боради. Чунки энди бу ҳолат улар фаолияти самарадорлигини баҳолашда ҳам инобатга олинади.


Озодбек ЖЎРАБОЕВ,

ИИВ Мурожаатлар билан 

ишлаш бошқарма бошлиғи,

полковник.