Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти соҳа ходимлари учун муносиб шарт-шароит яратиш, хизматда фойдаланиш учун зарур бўладиган замонавий теник воситалар билан таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда.

Фарғона шаҳридаги “1-Бешбола” маҳалла фуқаролар йиғинида профилактика инспекторлари учун ташкил этилган ўқув семинари айни йўналишда соҳа ходимларининг билим ва малакасини оширишга хизмат қилди. Вилоят ИИБ раҳбарияти ҳамда Фарғона шаҳар ҳокими иштирок этган семинарда “қизил” тоифадаги маҳаллаларни “сариқ” ва “яшил” тоифага ўтказиш борасида ўзаро тажриба ҳамда фикр алмашилди.

– Семинар иштирокчилари намунавий тарзда жиҳозланган хизмат хоналаримизни кўздан кечиришди, – дейди “1-Бешбола” маҳалласига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори, маёр Иқроржон Бўтаэв. – Шу ернинг ўзида “қизил” тоифадаги маҳаллаларни “сариқ” ва “яшил” тоифага ўтказиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар кўргазмали тарзда тушунтириб берилди. Бу борада кўп йиллик тажрибага эга инспекторларнинг таклифлари ҳам эшитилди. 

Семинар давомида 25 нафар инспекторга хизматда фойдаланиш учун махсус дастурларга эга планшетлар, янги мебеллар тўплами топширилди. Шунингдек, канселярия маҳсулотлари ҳамда компъютер жамланмалари ҳам тарқатилди.

– Эндиликда планшетга эга бўлган инспектор ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзидаёқ баённома расмийлаштириши мумкин, – дейди Фарғона шаҳар ИИОФМБ бошлиғи, подполковник Анваржон Мирзаев. – Бундай воситалар ходимларнинг хизмат самарадорлигини ошириши шубҳасиз.

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.