Самарқанд шаҳри Бўстонсарой кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори Ласетти русумли автомашинани ҳужжатларини текшириш мақсадида тўхтатган вақтида, ҳайдовчи машинани ҳужжатларсиз бошқариб юрганлиги аниқланиб, унга нисабатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.
Шундан сўнг, ҳайдовчи автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига инспекторга 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилган. Ходим унга пора бериш жиноят эканлигини бир неча маротаба тушунтирса-да, ҳайдовчи кечроқ келишини айтиб кетган.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан инспектор билдирги билан мурожаат қилган. Мазкур билдиргига асосан, ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси бўлими ва Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро 100 АҚШ доллари миқдордаги пулларни ЙПХ инспекторига берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Постда» мухбири.
Самарқанд вилояти.
