Қўқон шаҳрида яшовчи, 1974-йилда туғилган Д.Б. 2002-йилнинг март ойида қотиллик жиноятини содир этиб, яширинган эди.
Ўшанда мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Яқинда Қўқон шаҳар ИИБ 1-сонли ИИБ ҲПГ профилактика инспектори, капитан Х. Аҳмедов қидирувдаги фуқаро ҳозирги кунда Қозоғистон Республиканинг Туркистон вилояти ҳудудида яшириниб юрганлиги ҳақида маълумот олди. Инспектор фуқаро фойдаланаётган телефон рақамини ҳам аниқлади ва тезкор қидирув хизматига тақдим этди.
Шу маълумотлар асосида Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти Полисия департаментининг жиноят қидирув бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тадбир ўтказилди. Фуқаро Д.Б.нинг Жетисай тумани ҳудудидаги яширин манзили аниқланиб, у қўлга олинди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, Д.Б. Қўқон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан қабул қилиб олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
