Пробация хизмати ташаббуси билан Фарғона вилоятининг Фурқат ҳамда Қўштепа туманларида сайёр суд мажлислари ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.
Фурқат туманида бўлиб ўтган суд мажлисида муқаддам судланиб, тайинланган жазодан ўзига тегишли хулоса чиқарган, жазони ўташ даврида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган, шунингдек, интизомий жавобгарликка тортилмаган 12 нафар маҳкумни муддатидан олдин озод этиш масаласи кўриб чиқилди. Туман ИИБ томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилиб, барчаси қаноатлантирилди.
Қўштепа туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам туман ИИБ томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилиб, 9 нафар маҳкум жазодан муддатидан олдин озод этилди.
Аксинча, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб, белгиланган тартибга риоя этмаган 2 нафар маҳкумнинг жазоси оғирроғига алмаштирилди.
Бундан ташқари, сайёр суд давомида аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган ҳуқуқий мавзудаги саволларга атрофлича жавоб берилди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
