«Қўрғонтепа тумани Ички ишлар бўлими Навбатчилик қисми эшитади». Бу навбатчилик қисмларида ҳар куни бир неча марта янграйдиган жумла. Мана шу икки оғиз сўзнинг ўзи илинж билан қўнғироқ қилаётган фуқарода катта умид уйғотади. Уни эшитувчи, муаммосини ҳал қилувчи давлат идораси борлигидан кўнгли таскин топади. 

Туман ИИБ Навбатчилик қисмида 6 нафар ходим фаолият юритади. Шу куни навбатчиликда бўлган маёр Ғиёсиддин Норинбоев 10 йилдан буён соҳада хизмат қилади. Унинг ёрдамчиси сафдор Рўзимуҳаммад Бўтабоев эса навбатчиликда беш йиллик тажрибага эга ходим. Иккаласи ҳам хушмуомалалиги, оғир-вазминлиги ва самимийлиги билан эътиборимизни тортди. Кеча-кундуз турли хил мурожаатларга жавоб бериш, ҳар хил вазиятдаги фуқаролар билан мулоқотни амалга ошириш осон эмас. Лекин бу йигитларда чарчоқ аломатларини сезмадик. Иккиси ҳам бирдек тетик, ўз вазифасида шахдам.

– Бир сутка мобайнида камида 35–40 та мурожаатни қабул қиламиз. Уларнинг бир қанчаси «102» хизмати орқали, қолганлари бевосита қўнғироқлар асосида келиб тушади. Тағин профилактика инспекторлари томонидан тақдим этиладиган аризалар ҳам бор. Қабул қилинган ҳар битта мурожаат ва ҳужжатни расмийлаштириб, тегишли бўлимларга ижросини таъминлашга йўналтирамиз. Қилинган ҳеч бир мурожаат ечимсиз қолмаслиги керак, – дейди маёр Ғиёсиддин Норинбоев. 

Хизмат жараёнини кузатиш давомида шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик. Навбатчилар бир муддат ҳам чалғимай, бутун диққат-эътиборини ишга қаратмоқда. Улар худди шундай диққат-эътибор, 24 соат сергаклик билан ўз хизмат вазифасини адо этишади. 

«Навбатчилик қисми – ички ишларнинг юраги», дейишади. «Юракнинг мунтазам соғлом уришини таъминлаш эса бизнинг бурчимиз». Бу фикр Қўрғонтепа тумани ИИБ Навбатчилик қисми масъулиятли ходимларининг кундалик шиорига айланган. 

Нигора ТЎХТАМАТОВА, 

ўз мухбиримиз.

Андижон вилояти.