Бухоро туманининг Кўчкўмар қишлоғида яшовчи Х. Рашид (исм-шарифлар ўзгартирилди) вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик даромадининг ¼ қисми миқдорида алимент тўлаши керак. Бироқ 2015 йил 7 сентябрдан буён 26 миллион 250 минг сўм алимент пулларини қасддан тўламай келаётганди. Наврўз байрами арафасида Мажбурий ижро бюросининг Бухоро тумани бўлими ходимлари отанинг маъсулиятини яна бир карра тушунтиришди. Акс ҳолда...

Яхши гап, хушмуомалалик ҳар қандай қаҳри қаттиқ инсонни ҳам ўзгартираркан. МИБ ходимларининг тушунтиришлари бесамар кетмади. Қарздор ота мажбуриятини тан олиб, фарзандига тўланмай келаётган алимент пулларини бир йўла 2500 Ақш доллари билан узди. 

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, хусусан, алимент тўловчи оталарга бу борадаги масъулият ва бурчларини тушунтириш бўйича зарур тарғибот ишларининг олиб борилиши натижасида жорий йилнинг ўтган ойлари давомида ўндан ортиқ фуқаро фарзандлари вояга етгунга қадар ҳисобланган алимент пулларини олдиндан тўлашди. 

Ҳа, фарзанд таъминоти учун моддий ёрдам кўрсатиш ҳар бир отанинг ҳам инсоний, ҳам қонуний бурчи ҳисобланади. Буни англаган оталар зиммаларидаги масъулиятни адо этиб, алимент пулларини ўз вақтида, ҳатто олдиндан тўлаб бераётганлиги эътиборга молик.

М. АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.


Бухоро вилояти.