Хатирчи туманида фойдаланишдан тўхтатилган тилла конларини қўлбола усулда қонунга хилоф равишда ўзлаштириб даромад олаётган маҳаллий фуқароларга нисбатан қонуний чора кўрилаётганига қарамай, ҳеч қандай хавфсизлик қоидаларига амал қилмай мазкур хатти-ҳаракатни амалга ошираётган шахслар ҳали ҳануз учрамоқда.
Олтин васвасаси сабаб ана шундай конларнинг “эгалари” яъни, Олтинсой ва Чилош қишлоғининг фуқаролари И.Ш. ва М.М. кон талашиб муштлашганидан хабар топган профилактика катта инспектори Н.Раҳмонов шу заҳотиёқ воқеа жойига етиб келган. Бу икки фуқарога профилактик тушунтириш ишларини олиб борилишига қарамай, улар келгусида икки қишлоқ фуқаролари жанжали кутилаётганига ишора қилган. Бу ҳақида профилактика катта инспектори зудлик билан раҳбариятга хабар беради. Шундан сўнг Олтинсой қишлоғида яшовчи 33 нафар ва Чилаш қишлоғида яшовчи 20 нафарга яқин фуқаролар тахминан 40-50 метр оралиқ масофада жанжал қилиш мақсадида қўлларига тош ва таёқлар олиб тўпланиб турганликларини кўрган ходим жанжални олдини олиш мақсадида қўшимча куч воситалар келгунга қадар фуқароларни тинчлантириш чораларини кўради. Аммо ушбу фуқаролар бир-бирини ҳақорат қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат тартибини бузиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан жанжални давом эттиради. Оқибатда улар нафақат бир-бирига балки профилактика катта инспектори подполковник Н.Рахмоновга тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинага тош отиб, уни орқа ойналарини синдиришади.
Отилаётган тошлар шунчалик кўп эдики, ким, қаердан отаётгани сезилмайди. Фуқаролар бир-бирларига тош ва таёқлар отиб, жанжал қилаётган вақтда туман ИИБ тергов тезкор гуруҳи ва туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник А.Раджабов бошчилигидаги 20 нафар ходим воқеа жойига етиб келишади. Шундан сўнг оммавий тус олган катта жанжални тугатишга эришилади.
Жамиятдаги қонун бузилиш ҳолатларига дуч келганимизда аксарият ҳолларда бир томонлама баҳо берамиз. Ваҳоланки, моҳиятини чуқурроқ англайдиган бўлсак, ҳар қандай оғир жиноятни олдини олишнинг ҳеч бўлмаганда битта йўли мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Хатирчи туманидаги икки қишлоқ одамларининг жанжали оқибатида кимдир оғир тан жароҳати олиши ёки бошқа бировнинг ҳаёти жиддий хавф остида қолиши мумкин эди. Профилактика инспекторининг ўз вақтида тўғри қарор қабул қилганлиги сабаб вазият жиддий тус олишининг олди олинди.
Адоватни адолат енгар деганларидек, содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли ЖИБ Хатирчи туман суди томонидан 28 нафар фуқарога нисбатан сайёр суд йиғилиши ўтказилди. Улардан 26 нафарига 15 сутка, 2 нафарига эса 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Махлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
