Жорий йилнинг 7-декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 30 йиллиги муносабати билан қабул қилинган мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида 402 нафар шахснинг бир қисми тўлиқ, яна бир қисми шартли озодликка чиқарилган бўлса, бошқаларининг жазо муддатлари қисқартирилди ёки енгилроғига алмаштирилди.

Кечирилганлар орасида 18 нафар жиззахлик бўлиб, улардан бирининг жазо муддати камайтирилган. 17 нафари эса яшаш жойларига қайтдилар. Ўз навбатида ушбу шахсларни ижтимоий мослаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини ҳал қилиш мақсадида вилоят секторлари раҳбарларининг қабули ташкил этилди.

Қабул давомида афв этилганларнинг муаммолари ўрганилди. Тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит ажратиш, ўзи ёки фарзандларини ишга жойлаштириш ёхуд ишга тиклаш, уй билан таъминлаш, турар жой қуриш ёки деҳқончилик қилиш учун ер майдони ажратиш, моддий ёрдам олиш, ногиронлик нафақаси тайинлаш, даволаниш каби қатор масалалар кўтарилди.

Йиғилиш давомида озодликка чиқарилганларга секторлар кесимида ёрдам кўрсатиш чоралари белгилаб олинди. Ҳар бир шахсга мурожаатига кўра масъул ташкилотлар вакиллари бириктирилди.

Таъкидланганидек, 2017-йилдан буён афв этилганларнинг 199 та муаммоси ҳал қилинган. Хусусан, уларнинг 3 нафари турар жой билан таъминланган, 2 нафарига ер участкаси ажратилган, 4 нафарининг уйи таъмирланган. 5 нафари пенсияда, қолганларининг барчаси ишга жойлаштирилган. Шунингдек, уларга 98 миллион 717 минг сўм миқдорида моддий ёрдам берилган. Қисқаси, ушбу фуқароларнинг соғлом турмуш кечириши, жамиятда муносиб ўринини топиши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Постда” мухбири.

Жиззах вилояти.