Гулистон Олимпия захиралари коллежи ҳамда Гулистон Академик лицейи ўқувчилари ва талаба ёшлари иштирокида шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходимлари томонидан “Ўқувчи ва талабалар орасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатилишига қарши курашиш” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди.
Унда Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғининг соҳавий хизматлар бўйича ўринбосарлари ўқувчи ёшлар билан мулоқотда бўлиб, гиёҳвандлик ҳамда психотроп моддалар жиноятчилиги билан боғлиқ ҳолатларга бепарво бўлмаслик, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳақида тушунтириш бериб ўтишди.
Тарғибот гуруҳига жалб этилган вилоят Наркология диспансери ходимлари томонидан гиёҳванд моддалар таъсиридаги физиологик хусусиятлар, одам организмининг қайтиб ўз ҳолига келмайдиган аянчли оқибатлари тўғрисида маърузалар ташкил этилиб, бу иллатга қарши қонунчиликда белгиланган меъёрлар тўғрисида маълумот беришди.
Тадбир давомида гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари тўғрисида видеоматериал намойиш этилди.
Абдураҳмон Мустафоқулов,
“Постда” мухбири.
