Яқинда Термиз туманидаги Амир Темур маҳалласида бир ўспирин тенгдошини пичоқлаб қўйгани ҳақида хабар тарқалди. Маълум бўлишича, ҳали вояга етмаган Ж.Самадов (исм-шарифи ўзгартирилди) ўртоқлари билан бирга ҳудуддаги 21-умумтаълим мактабида безорилик қилишади. Жанжал вақтида Ж.Самадов С.Фозиловга чўнтак пичоғи билан тан жароҳати етказади. Жароҳатланган йигит шифохонага боргунча анча қон йўқотиб, аҳволи оғирлашган. Хайриятки, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишди. Ж.Самадовга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилди. 

Амир Темур номли маҳаллада мазкур жиноят вилоят ИИБ бошлиғи, полковник А.Исмоилов бошчилигида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Дастлаб туманда вазиятни яхшилаш учун профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари бир тан-у бир жон бўлиб, ҳамкорликда ишни ташкил қилишлари лозимлиги таъкидланди.

Бугун «хонадонбай», «фуқаробай» ишлаш тизимига ўтилди. Демакки, маҳалланинг осойишталиги учун масъул бўлган шахслар уйма-уй юриб, ҳар бир хонадондаги аҳвол билан танишиши лозим. Қайси бир оилада етишмовчилик, низоли ҳолат, тарбияси оғир болалар бор бўлса, барчасини ўрганиш зарур. Қолаверса, шу ҳудудда яшовчи фуқаролар ҳам огоҳ, ҳушёр бўлишса, фойдадан холи бўлмайди. 

Тўғри, биз эркин, демократик жамиятда яшаймиз. Лекин бу ён-веримизда яшаётганлардан мутлақо узилишимиз, атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларга бутунлай бефарқ бўлишимиз керак, дегани эмас. Аксинча, бугун қанча ҳушёр бўлсак, биринчи навбатда, ўзимизнинг тинчлик-хотиржамлигимиз учун фойдали. 

Истаймизми-йўқми фарзандимиз биз яшаётган маҳалла, қишлоқ кўчаларидан ўтиб, мактабга боради, шу ҳудудда яшовчи тенгдошлари билан дўстлашади, биргаликда ўйнайди. Шундай экан, ўзимиз яшаётган кичик Ватаннинг – қишлоғимизнинг, маҳалламизнинг хавфсизлиги, осойишталиги барчамиз учун ҳам муҳимдир.

Муҳокамада ана шулар борасида мулоҳаза юритилди. Хусусан, эндиликда вояга етмаганлар билан психологик суҳбатлар ўтказилиши лозимлиги уқтирилди. «Профилактика куни», «Тиғ» тадбирларини манзилли ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Яна бир гап. Фарзандлари назорациз қолмаслиги учун уларнинг тарбиясига, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ота-оналар алоҳида эътибор қаратишлари керак. Негаки, боламни кўчанинг ўзи тарбиялаб беради, деган ўйда юрадиганлар аслида хато қилишади. Шунинг учун муҳокама йиғилишида содир этилган жиноят кўпчилик ота-оналарга сабоқ бўлиши лозимлиги айтилиб, улар ҳам огоҳликка чақирилди. 

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Буюк Британия Бош вазири бўлган Черчилл айтган бир гап жуда машҳур бўлиб кетди. У: «Кимнинг қўлида ахборот кўп бўлса, у дунёни бошқаради», — деган эди. Ҳолбуки, бундан беш аср бурун буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий шундай ёзган: 

Эрурсен шоҳ — агар огоҳсен сен,

Агар огоҳсен сен — шоҳсен сен. 

Бугун улуғ бобокалонимизнинг бу даъвати ҳар доим қулоғимиз остида жаранглаб туриши, онг-у шууримизда бўлмоғи керак. Токи бизнинг тинч ва хотиржам яшашимизга, фарзандларимиз тарбиясига дахл қиладиган хавф-у хатарлардан огоҳ бўлайлик. 


Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.