Соат 07:00. Лавҳамиз қаҳрамони маҳалла ҳудудидан ўтган «М-37» автомагистрал ёқасида жойлашган 16-сонли умумтаълим мактабига бориб, ўқувчиларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлади. Кейин хизмат хонаси томон йўл олди. Туман ИИБ раҳбарияти томонидан берилган ҳар бир топшириқ ва вазифани иш дафтарига қайд этди. 

Соат 08:30ларда маҳалла раиси Фурқат Қудратов ва фаоллар билан топшириқларни режалаштириб, ҳудуд ҳолати бўйича вазиятни муҳокама қилишди. Оқсоқол ишни Сўфиён қишлоғидаги К.Т. оиласини ўрганишдан бошлашни таклиф қилди. Чунки бу ёш оиланинг арзимас сабаб билан кунора жанжаллашиб туришгани яхши­ликка олиб келмаслигини билишарди. Маҳалла еттилиги оила аъзолари билан суҳбатлашиб, бундай юришнинг оқибати ёмон бўлишини, ҳар бир дақиқа ғанимат эканлигини атрофлича ту­шунтиришди. Айниқса, хотин-қизлар фаоли Шаҳло Жўраеванинг келинчакка вазиятни ҳаётий мисоллар билан тушунтиргани жуда ўринли бўлди. 

– Фурқат ака, Ў.Болтаеванинг хонадонига ҳам кириб ўцак. Турмуш ўртоғи билан келишмовчилиги бор экан, – дея маёр Ҳ. Ёдгоров автомашина рулини мурожаатчи ҳовлиси томон бурди.

– Оилага бир дарз кеца ёмон бўларкан. Улар ҳам аҳил яшаб келишаётган эди. Майли, иложини қилиб оилани сақлаб қолишимиз керак, – деди маҳалла раиси ҳам.

Шундай қилиб, эр-хотиннинг ўзаро низоларини ўрганишди. Профилактика катта инспектори иккисидан ҳам кўрсатув олди. Вазиятни атрофлича муҳокама қилишиб, уй бекасига ҳимоя ордери берилди.

Соат 10:30ларда маёр Ҳ. Ёд­горов Боғиафзал қишлоғида исти­қомат қилувчи, спиртли ичимликка ружу қўйган М.Ҳ. билан суҳбатлашмоқчи эди. У ишга кетган экан. Турмуш ўртоғи эри ўзгарганини, ҳозир ичмаётганини ва болаларига меҳрибон бўлиб қолганини айтди. Аёлнинг юзидаги табассумдан билдикки, оиладаги кўнгилсизликлар барҳам топган. 

– Шу қишлоқда экансиз. Руҳий касаллар рўйхатида турувчи Н. Боймуродовнинг ҳолидан хабар олмоқчи эдик, бизга ҳамроҳ бўлсангиз, – деб қолди Оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамширалари профилактика катта инспекторига. – Даволанишга муҳтожлигини билишимиз керак. 

– Майли, нима десангизлар шу. Рўйхатдагиларни ҳам ўрганиб чиқамиз, – деди маёр Ҳ.Ёдгоров ва ўзи йўл бошлади.

Н. Боймуродовнинг ҳолати яхши, даволанишга ҳожат йўқ экан. Шундай бўлса ҳам, оила аъзоларига касаллик қўзғалишининг дастлабки кўринишларини яна бир карра тушунтиришди. Кейин қўшни қишлоқ томон одимлашди. 

Маёр Ҳ. Ёдгоров йўл-йўлакай маҳалла еттилиги, қолаверса, қўл остидаги уч нафар ҳамкасб-у шогирди билан доим ёнма-ён, бамаслаҳат хизмат олиб бораётгани боис иш унумдорлиги ошаётгани, жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари камайганини, яқинда «Пашмон» маҳалласида 

хизмат кўрсатаётган профилактика инс­пектори, лейтенант Аброр Муслидинов билан бедарак йўқолган бир шахсни ҳамжиҳатликда аниқлаб, қариндошларига топширишганини гапириб берди. 

Соат 14:30 лар атрофида профилактика катта инспекторининг уяли телефони жиринглаб қолди. Қўнғироқ қилган «Талижа» қишлоғида истиқомат қилувчи тадбиркор экан. У номаълум шахс тўйхона атрофида айланиб юрганини маълум қилди. Профилактика катта инспектори ҳамроҳлари, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси С.Абдуллаев ҳамда ёшлар етакчиси 

С. Тўхтақуловлар билан биргаликда зудлик билан айтилган манзилга етиб боришди. Улар муқаддам судланган ва айни пайтда пробация назоратида турувчи, кўзлари бежо М.М.ни бироз кузатишди. У кузатув остида эканлигини сездими ёки бошқа сабабми, ҳарқалай фикридан қайтди. Аммо ма­ёр Ҳ. Ёдгоровга ўғрилик қилмоқ­чи бўлганини тан олди. Осойишталик посбони у билан профилактик суҳбат олиб борди.

– Беглик қишлоғилик Ботир аканинг оиласидан ҳам бир хабар олсак, – деди маҳалла раиси Ф. Қудратов ҳамроҳлари­га ва қўшиб қўйди. – Айни баҳор пайти, янгани биласизлар-ку?!

– Кўпчилик борсак бўлмайди. Қолаверса, Талижа қишлоғига келдик. А. Файзиевга ўтган ой субсидия асосида сув насоси олиб берганимиздан хабарингиз бор. Биз тушиб қолиб, аҳволни ўргансак ёмон бўлмасди, – дея ҳоким ёрдамчиси ҳамроҳларига юзланди. 

– Маъқул. Қайтишда олиб кетамиз, – деди маёр Ҳ. Ёдгоров ва йўл-йўлакай раисга А. Файзиев қилган хатосини тушуниб, анча ўзгарганини, кредитга олган 4 бош қорамол ва 16 бош қўйларни парваришлаётганини, энг асосийси, оила тинчлиги таъминланганини гапириб борди.

Ботир ака томорқасида ишлаётган экан. Уларни қучоқ очиб кутиб олди. Бироз суҳбатлашиб, ҳаммаси жойидалигини билгач, осойишталик посбони «Иш кўп, ҳали тўйларга келамиз», дея қўзғалишди. 

Профилактика инспекторининг ҳамиша вақти тиғиз бўлади. Бир масала ортидан иккинчиси, учинчиси кутиб туради. Ҳаммасига улгуриш керак... 

Юртимизда «Хавфсиз ва соғлом юрт» тамойили асосида тунги пайтларда олиб борилаётган профилактик тадбирлар натижасида маҳаллалар жиноятдан холи ҳудудларга айланмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони ҳам кечки соат 22:00ларда озодликни чеклаш жазосини ўтаётган фуқаролар­нинг яшаш хонадонларини мунтазам текширади. Яна ошхона ва кўнгилочар жойларда жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилмаслиги бўйича тушунтириш ишларини ўтказади. Бундан ташқари, тунги пайтда кўчаларда мақсадсиз юрган фуқаролар билан профилактик суҳбат олиб боради. 

… Тун осуда ўтмоқда. Маёр Ҳусен Ёдгоров бугунги хизматидан кўнгли хотиржам бўлиб, хизмат уйи томон ошиқди. Рафиқаси Гулсанамхон уни очиқ чеҳра билан қарши олди... 


Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.