Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр А. Икрамов хизмат сафарининг иккинчи куни Урганч шаҳридаги вилоят Халқ қабулхонасида сайёр қабулни давом эттириб, 70 дан ортиқ фуқароларнинг мурожаатларини тинглади. Уларнинг аксарияти ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш, хизматни қайта тиклаш, терговчи ва суриштирувчилар иш юритувида бўлган материалларни ташкил этди. Ички ишлар органларига тааллуқли бўлмаган ариза ва шикоятлар тегишли орган ва ташкилотларга юборилди. Ижтимоий ёрдам сўраган ларнинг мурожаатлари маҳаллий ҳокимликлар ва сектор раҳбарлари билан келишилган ҳолда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Шундан сўнг, вазир ўринбосари вилоят Иибда ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматига бевосита масъул ходимлар билан учрашув ўтказди.

Ушбу тадбирда сўзга чиққан генерал-маёр А.Икрамов ички ишлар органларида хизмат қилаётган барча ходимларнинг касбга садоқат ва масъулият ҳиссини ошириш, касбдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлиш улардаги ватанпарварлик, сиёсий онг, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш айнан маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ходимларининг бевосита хизмат бурчи эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда ходимларнинг маънавий салоҳиятини, мафкуравий иммунитетини кучайтириш, улар онгида ватан тақдири ва келажаги учун даҳлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама этилди.

Мазмунли ўтган мазкур йиғилиш давомида вилоят ички ишлар органларида маънавий- маърифий ишларни “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” консептуал ғоясидан оғишмаган ҳолда амалга ошириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Вазир ўринбосари, генерал-маёр Азизбек Икрамов хизмат сафари якунида вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматининг номзодлар билан ишлаш тартиби ва у ерда яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишди.

Зокир ИСМОИЛОВ,

подполковник.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.