Чирчиқ шаҳрида эртанги кунимиз эгаларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини манзилли ҳал этишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ИИББ, шаҳар ва туман ИИБ масъул раҳбарлари ҳамда ички ишлар органларига бириктирилган ёшлар иштирок этишди.

Тадбир давомида улар Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртида  бўлиб, ушбу таълим муассасасининг ўқув-тарбия жараёни ва ахборот-коммуникация технологиялари қай даражада жорий этилгани ҳамда маскан тарихидан ҳикоя қилувчи музей фаолияти билан яқиндан танишишди.

Бундан ташқари, келажагимиз эгалари Чирчиқ давлат педагогика университетида жойлашган Жадидлар музейида ҳам бўлиб, уларнинг ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида чеккан заҳматлари ҳақида кенг таассуротларга эга бўлишди.

Шунингдек, университет мажлислар залида бўлиб ўтган учрашувда ёшларнинг турли мазмундаги мурожаатлари тингланиб, уларга ечим топиш чоралари кўрилди. Мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда, ёшларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Михли САФАРОВ,

ўз мухбиримиз.