Чортоқ тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори, маёр Элдорбек Неъматов Зафар Диёр номли маҳаллада яшовчи И.М. «Дамас» русумли автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бош­қариб келаётганлигини аниқлади. Фуқарога нисбатан қонуний чора кўриш мақсадида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, автомашинасини вақтинча жарима майдончасига жойлаштиргандан бир ҳафта вақт ўтгач, фуқаро автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш ва ўзига нисбатан қонуний чора кўрмаслик эвазига 400 минг сўм пул беришини айтиб, унга пора таклиф қилди. Албатта, ходим бу таклифдан ўзини йўқотиб қўймади, фуқарони дастлаб тартибга чақирди, бу хатти-ҳаракати қонунга хилофлигини тушунтирди, лекин у тушунишни истамай, ходимга қайта-қайта қўнғироқ қилиб, илтимос қилишда давом этаверди...

ИИБ томонидан тезкор-тадбир давомида фуқаро И.М. ходимнинг хизмат хонасида унга 400 минг сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Шунга ўхшаш воқеа «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган вақтда ҳам содир бўлди. Тунги хизматга жалб қилинган Элёр Неъматов маст ҳолатда «Нехиа-3» русумли автомашина бошқариб келаётган фуқаро А.С.ни тўхтатиб, унинг уловини жарима майдончасига жойлаштиради. Катта миқдорда жарима тўлашдан кўра, ички ишлар органи ходими билан келишиб қўя қолган маъқул, деб ўйлаган фуқаро Элдорбекнинг қайсар, муросасиз, ўз касбига садоқатли эканини билмаган чоғи. Хуллас, ту­шунтиришлар кор қилмагач, маёр Э.Неъматов қатъий чора кўрмаса бўлмаслигини тушуниб етди. Элдорбекнинг хизмат хонасида 400 АҚШ долларини бераётган вақтда А.С. қўлга олинди.

Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз, жамиятда қонунларга бўйсуниш тинч ва осойишта ҳаёт гарови эканини ҳар бир фуқаро ҳис қилиши шарт. Ўз касбига садоқатли, виждонли ходимнинг бу хатти-ҳаракати ана шу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг амалдаги ифодасидир. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,

ўз мухбиримиз. 

Наманган вилояти.