ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўйича алоҳида баталъонда Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда.

Кеча баталъонда “Аскар оналарини шарафлаймиз” номли яна бир тадбир ташкил этилди. Унда муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари, элимиз ароғидаги санъаткорлар иштирок этди. Тадбир аввалида ҳар жиҳатдан фаол, сафдошларига яхши томондан намуна бўлаётган аскарларнинг оналарига ташаккурномалар топширилди. Уларга Ватан ҳимоячиси бўлган ана шундай фарзандни тарбиялаб вояга етказгани учун миннатдорлик билдирилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон халқ артистлари Саидкарим Умаров ва Гавҳар Зокирова сўзга чиқиб, Ватанни ҳимоя қилиш, унинг тинчлиги учун курашиш ҳар бир эр йигитнинг бурчи эканлигини айтишди. Монологлар, шеърларни ёддан айтиб, йиғилганлар олқишига сазовор бўлишди.

Ўз мухбиримиз.