Ёши бир жойга бориб, кўпни кўрган, ҳаётнинг оқ-қорасини ажратган одамлар одатда қадамини ўйлаб босади, ҳар жиҳатдан ёшларга ибрат бўлишга ҳаракат қилади.  Хатирчилик Э.Н.ни ҳам ёш деб бўлмайди, аллақачон элликни уриб қўйган. Лекин яқинда содир этган қилмишидан хабар топсангиз, ҳеч бундай деб ўйламайсиз.

Гап шундаки, у қўшни маҳалла ҳудудида жойлашган касалхонага гўёки бемор кўргани боради. Асл муддаоси эса бутунлай бошқа эди. У 5-хонада ётиб даволанаётган ёш қизнинг ташқарига чиққанидан фойдаланиб, қувватлагичда турган уяли телефонини ўғирлаб, воқеа жойидан қочиб кетади. Қиз хонасига қайтиб келса, телефони йўқ. Уни излаб тополмагач, ички ишлар органига мурожаат қилади. Қисқа вақт ичида уяли телефонни Э.Н ўғирлаганлиги аниқланади. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.