Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш мақсадида Андижон вилоятига ташрифи давомида қуйида билдирган фикрлари алоҳида диққатга сазовор, хусусан, “…битта адашганнинг бешта қариндоши бор. Биз ўша бешта қариндошниям ашаддий душман қиламиз: тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз. Пишиллаб айтамиз: у фалончининг акаси, ўғли, деб. “Чақирма уни”, дейди. Уларда нима айб? Уларда нима айб? Уни дўст қилишимиз керак, уни чақиришимиз керак. Уни маърифатга чақиришимиз керак”.

Дарҳақиқат юртбошимизнинг фикрларида асли халқимизнинг қон-қонига синган азалий бағрикенглик, кенгфеллик ва олийжаноблик хислатларига бой фазилатини намоён қилмоқда. Яъни биз кеча ёки бугун шундай фазилат эгасига айланиб қолмадик. Шу диёрда яшаган ва уни тарихини билган катта-ю кичик билади, бу ўлка бағрида яшатган ҳар бир фуқарога ҳамиша тўғри йўлни кўрсатган ва шу жамиятга қўшилиб кетиши учун қўллаб-қувватлаган.

Бугунги кунда деярли ҳар куни қайсидир қонун ҳужжатига ўзгартиш ёки қўшимча киритилаётганлиги, ҳуқуқий ислоҳотлар олиб борилаётганлиги борасидаги хабарлар қулоғимизга чалинади. Ҳақиқаттан ҳам бу борада иш олиб бораётган катта-катта муассасалар, илмий марказлар ва институтлар мавжуд. Ушбу ҳуқуқий ислоҳотлар замирида ҳам шундай жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этиб адашган шахсларни қайта тарбиялаш, уларни юртбошимиз таъкидлаганларидек маърифатга бошлаб, тўғри йўл кўрсатиш назарда тутилганми? Ёки бу қонунлар ва уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан мақсад шахсни жазолашми?

Дунё мамлакатлари жиноят ва жиноят процессуал қонунчилигида шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини олий даражада таъминлаш муҳим раҳбарий қоида сифатида мустаҳкамланган. Хусусан, жиноят процессуал қонунчиликда жабрланувчининг манфаатларини таъминлаш ва мазкур муносабатларга олий қадрият сифатида қараш долзарб аҳамият касб этади. Зеро, шахсга етказилган моддий ва маънавий зарар мазкур ижтимоий муносабатларнинг марказида бўлган жиноят натижасида келиб чиқади. Демак, жиноят ва жиноят процессуал қонунчилик тизимининг ҳуқуқий мезонни таъминлашдаги асосий вазифаси бу – жиноят натижасида ҳуқуқ ва манфаатларига путур етган шахс, – жабрланувчини бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва унга етказилган зарарни қопланиши бўлиб ҳисобланади. Даставвал қонун чиқарувчи жабрланувчининг ҳуқуқларини тиклаш бўйича меъёрларни яратиши, шундан сўнг жиноят содир этган шахсга адолатли жазо бериши ва бунда ҳам жабрланувчинининг талабларини инобатга олиш борасидаги нормаларни ишлаб чиқиши талаб этилади.

Демак, мамлакатимизнинг жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини асосий мақсади ҳар бир жиноят бўйича адолатни тиклаш яъни, энг аввало путур етган ҳуқуқни тиклаш ва ўрнини қоплаш, шундан сўнг жиноят учун жавобгарликни муқаррарлигини таъминлаш бўлиб ҳисобланар экан.

Шундан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида жаҳолат йўлидан қайтган, адашганини англаб етган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар билан жамоавий ва якка тартибда иш олиб борилмоқда. Ҳар бир шахснинг дунёқараши, фикри, адашиб нотўғри йўлга кириб қолганидан пушаймонлиги, оиласи, фарзандлари ҳамда Ватан олдидаги бурч ва масъулиятлари ҳақида батафсил мулоқотлар ўтказилмоқда.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конститисиясининг

29-модда бешинчи қисмида “Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўрилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга”лиги мустаҳкамланган. Бу эса ўз навбатида ҳар қандай жиноят йўлига адашиб кириб қолан шахснинг афв этилиши ҳуқуқи конститусия даражасида мустаҳкамланишига замин яратди.

Алишер ТУРҒУНОВ,

Олмазор тумани Жиноят ишлари

бўйича суди судяси.