Эрта тонгда деҳқон бозорига келган Зокиржон тезда ул-бул харид қилиб, автотураргоҳда турган автомашинасига шошилганча ўтирди. Аммо шу заҳоти таъби хира тортди. Боиси, машина салонида қолдирган 1000 Ақш доллари ва 3 миллион сўм пули жойида йўқ эди.

Зокиржон дарҳол шаҳар Ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилиб, воқеани тушунтирди. Ҳодиса жо­йига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи ходимлари тезда ишга киришди. Жиноят қидирув гуруҳи ходимлари муқаддам ўғирлик, талончилик жиноятини содир қилган шахслар ҳақидаги маълумотларни ўргана бошлади. Шаҳар ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти, маёр Ҳурматбек Хўжаев ҳодиса жойида қолдирилган қўл-бармоқ изларидан намуналар олиб, вилоят ИИБ Экмга юборди. Шундан сўнг барчаси ойдинлашди. Автомашинадан олинган қўл-бармоқ излари муқаддам судланган хивалик Қ.Ў.га тегишли бўлиб чиқди. 

Гумонланувчи аввалига қилмишини тан олмасдан, турли важларни тўқиб, ходимларни чалғитмоқчи бўлди. Аммо унинг жиноят содир бўлган вақтда бозор ҳудудидаги автотураргоҳда бўлгани, автомашинадан олинган қўл-бармоқ излари айнан унга тегишли экани исботлангач, тақдирга тан беришдан бошқа чора тополмади...

Хива шаҳар ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи ходимлари жиноятларни тезкорлик билан фош қилишда бор билим ва маҳоратларини ишга солишмоқда. 

– Жорий йилнинг ўтган даврида 61 марта ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, қўл-бармоқ излари бўйича 25 та эксперт-тадқиқот ишлари амалга оширилди, – дейди маёр Ҳурматбек Хўжаев. – Шунингдек, 165 марта тергов ҳаракатларида, 265 марта тезкор-қидирув тадбирларида қатнашдик. Содир этилган қонунбузарликларга алоқадор бўлган излар орқали 2 та, эксперт-тадқиқот хулосалари натижаларига кўра 10 та жиноят «иссиқ изида» очилди. 

Моҳир экспертлар томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар қисқа фурсатларда фош этилиб, қонун устуворлиги таъминланмоқда.

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.


Суратда: Хива шаҳар ИИБ ЭКГ катта эксперти, маёр Ҳурматбек Хўжаэв ҳодиса жойини 

кўздан кечирмоқда.