Маёр Мафтуна Қурбонова қарийб 15 йилдан буён ички ишлар органларида фаолият олиб боради. Айни пайтда Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўлими муҳим топшириқлар бўйича инспектори лавозимида хизмат қилаётган қаҳрамонимиз ўз устида мунтазам ишлаб, касб малакасини мукаммал эгаллашга интилмоқда. 

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида хотин-қизлар билан боғлиқ иш ҳужжатларини юритиш, ижросини таъминлаш, туманларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар масалалари бўйича масъулларга йўл-йўриқ кўрсатиш унинг зиммасига юклатилган. Мафтуна Қурбоновага ҳудудларда аниқланган муаммоли ёки ажрим билан боғлиқ мураккаб масалаларни ечишда тўплаган бой тажрибаси қўл келмоқда. 

Устоз-шогирд анъанасига кўра, унга бириктирилган ходималар фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиш баробарида тавсиялар бериб боради. Вақти-вақти билан олис туманларда бўлиб, ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар билан бирга аёллар муаммоларини ўрганади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширади. Шунингдек, аёллар бандлигини таъминлаш борасида корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. 

– Жамиятда ҳар бир аёл бахтли яшашини истайман. Фарзанди учун ҳаммадан кўп қайғурадиган, оилада меҳр-муҳаббат булоғи саналадиган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бизнинг асосий вазифамиз, – дейди маёр Мафтуна Қурбонова.

У жонкуярлиги, фидойилиги, ташаббускорлиги туфайли ҳамкасблари орасида обрў-эътибор қозонган.  

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.