Аёл қадрланган уйда ўзгача файз-барака бўлади. Негаки, аёлнинг мамнун кайфияти бутун хонадондаги муҳитни ёриштириб юборади. Бундай оилада фарзандлар ҳам одобли, тарбияли бўлиб камолга етади. Агар акси бўлса-чи? Аёл хўрланса, зўравонликка учраса-чи? Кунда-кунора жанжал бўлган хонадоннинг ҳаёт гули сўла бошлайди, муҳит ўзгаради, болалар ҳам тундлашиб, агрессив кайфиятда улағаяди. Пировардида, оила парокандаликка юз тутади.
Бугун ҳудудларда ўтказилаётган “Зўравонликка қарши 16 кун” тадбирларидан кўзланган мақсад ҳам ушбу кўнгилсизликларнинг олдини олиш, хотин-қизларга улар давлатимизнинг ҳимоясида эканлигини уқтиришдир.
Сариосиё тумани ИИБ ҲПБ ходимлари томонидан Биллур маҳалласида ўтказилган тадбирда ҳам айнан тазйиққа учраган хотин-қизлар ижтимоий, психологик кўмак олишлари мумкинлиги, уларга ҳимоя ордери бериш тартиби ҳақида тушунтирилди. Шунингдек, тазйиқ ва зўравонлик турлари ҳақида маълумот берувчи видеоролик намойиш этилди.
Худди шундай тадбир ҳудуддаги тиббиёт техникумида ҳам ўтказилди.
Насиба МАЖИТОВА,
Сариосиё тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант.
