Кун қаҳрамони

 

1990 йилда Бухоро шаҳрида туғилган Акрам Бухоро тиббиёт коллежини тамомлаб, бир муддат шаҳар Руҳий асаб касалликлар диспансерида фелдшерлик қилган. 2012 йилда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида жойлашган ҳарбий қисмда контракт асосидаги хизмат фаолиятини – мўлжалга олувчи оператор вазифасида бошлаган.

Ҳарбий соҳада махсус билим ва тажрибага эга бўлиш мақсадида Акрам Баҳронов таҳсил олишга аҳд қилди. Фикрини устозу командирларига билдиргач, улар қўллаб-қувватлашди. Ҳужжатларини Қарши шаҳридаги Жанубий-Ғарбий махсус ҳарбий округи Сержантлар тайёрлаш мактабига топширди. Барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга қабул қилинди. Тўққиз ой таҳсил олиб, кичик сержант унвонини олди.   

2017 йилдан ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7532-ҳарбий қисмнинг 4-баталони жанговар гуруҳида катта ўқчи лавозимида контракт асосидаги хизмат фаолиятини давом эттирди. Хизмати давомида бу шарафли ва масъулиятли касбга бўлган меҳри янада ортди, ҳарбийлик сир-асрорларини мукаммал ўзлаштирди. Ўзига топширилган жанговар хизмат топшириқларини сидқидилдан бажарди. Шахсий таркиб ўртасида обрў-эътибор қозонди. Айни пайтда учинчи даражали сержант А. Баҳронов 7536-ҳарбий қисмда 2-баталон командирининг моддий таъминот бўйича ёрдамчиси. Бундай даражага эришувида устозлари – биринчи даражали сержант Фахриддин Чориев ҳамда сержант Зоҳид Эргашевларнинг ёрдамини ҳеч қачон унутмайди.

Акрам Баҳронов жамоанинг энг ташаббускор ходими. У аскарларнинг кундалик фаолиятини назорат қилиб боради. Уларнинг кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминлаб, шарт-шароитлар яратиб беришда бевосита раҳбарлик қилади. Шунингдек, кўплаб шогирдлар ҳам етиштирди. Унинг издошлари орасида кичик сержантлар Қувонч Бекмуродов ҳамда Камол Рўзиевлар бор. Уларда айнан қаҳрамонимизнинг шижоатини, ғайратини кузатиш мумкин.

Ҳарбий жамоада А. Баҳроновни кўпчилик ҳурмат қилади ва ундан ўрнак олишга ҳаракат қилишади. Қолаверса, командирларининг назарига тушган. Қисқаси, фидойиларча қилинган хизмати эътиборсиз қолмади. Яқинда Ватан ҳимоячилари куни арафасида давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.