– Жорий йил бошидан буён 45000 дан ортиқ транспорт воситаларини рўйхатлаш, қай­та рўйхатлаш ҳамда қайта жиҳозлаш бўйича хизмат кўрсатилди, – дейди бўлинма бошлиғи, лейтенант Сардор Сидиқов. – Бўлинмада хизмат кўрсатиш махсус мосламалар ёрдамида автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилади. Хусусан, давлат рақам белгилари автоматик равишда навбат билан берилади. Маълумотлар планшет мосламасига киритилиб, электрон тарзда шакллантирилади. Шунингдек, ногиронлиги бор, имконияти чекланган мурожаатчилар навбациз қабул қилиниши йўлга қўйилган. 

Ўз ишига масъулият билан ёндашиб, ҳар бир ҳужжатни синчиклаб ўрганаётган, автомашиналар техник кўригига жиддий эътибор берган ҳолда, хизмат олиб бораётган ходимларимиздан катта инспектор, катта сержант Сарвар Ўроқов, инспекторлар – сержантлар Шарифжон Хайруллаев, Ойбек Аҳмадов ҳамда кичик сержант Нодир Тиллаев номларини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.

Бўлинмага автомашина ҳужжатлари ҳамда давлат рақам белгиларининг тушиб қолиши ёки яроқсиз ҳолга келиб қолиши юзасидан ҳам мурожаатлар бўлиб туради. Шундай пайтларда фуқароларга эҳтиёт бўлишлари, лоқайдлик ва эътиборсизлик салбий оқибатларга олиб келиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилади. Шунингдек, ЙПХ инспекторлари томонидан пойтахтимиздаги ЙПХ масканларида ва бошқа жойларда транспорт воситасиларининг давлат рақамлари қоидаларда кўрсатилганидек қотирилмаган бўлса, махсус мосламалар ёрдамида қотириш ишлари ҳам олиб бориладики, бу турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига кўра, давлат рўйхатлаш рақам белгилари кўринмайдиган, қалбакилаш­тирилган, ўзгартирилган бўлса, транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Қонунчиликка биноан, давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни анг­лашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш ҳолатлари аниқланса, бу қурилмалар мусодара қилиниб, фуқароларга жарима қўллашга сабаб бўлади.

Шундай экан, транспорт воситангиз, унинг ҳужжатлари ва жиҳозларига жиддий эътибор қаратиб, уларни эҳтиёт қилинг. Шундагина хотиржам ва хавфсиз бўласиз.

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.