– Турмуш ўртоғим билан бир маҳаллада улғайганмиз, бир мактабда таҳсил олганмиз, – дейди Муштарийбегим. – Кейин Наманган давлат университети қошидаги академик лицейни ҳам бирин-кетин битирдик. ИИВ Академиясига ўқишга кирганимда, Исомиддин ака 3-курсда ўқирди. Очиғи, уйдан олисда бўлганингда, маҳалладошинг, мактабдошинг кўзингга бошқача кўриниб кетаркан. Олдинлари унча гаплашмаган бўлсак-да, ўқиш пайти ҳол-аҳвол сўраб, хабардор бўлиб турардилар. Қалбимдаги меҳр қачон муҳаббатга айланганини сезмай ҳам қолдим, – дейди у. – Мана ҳозир бахтли оилалар сафидамиз. Яқиндан кўмак бераётганлари учун ҳам қийинчиликлар унча билинмайди.

Ёш бўлса-да, соҳа йўналишидаги билимларни пухта эгаллаган Муштарийбегим жорий йил бошидан буён 13 та жиноят ишини тергов қилиб, кўриб чиқиш учун суд муҳокамасига юборди. Тергов қилинган материаллар моҳиятини фирибгарлик, ўғирлик, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини бузиш, кибер йўналиши бўйича пластик картадан яширин равишда пул ўмариш каби жиноятлар ташкил этади.

Исомиддин Раҳимов хизмат олиб бораётган Уйчи туманидаги «Умид» маҳалласи ҳам «яшил» тоифада. Бу кўрсаткичга эришишнинг боиси, биринчи галда, унинг маҳаллада осойишталикни сақлаш, тарғибот ишларини олиб боришдаги жонкуярлигидан, дейиш мумкин.

Ёш оилани қўллаб-қувватлаш ва жажжи Муҳаммадаминнинг тарбияси билан Исомиддиннинг онаси Ҳилола опа шуғулланади.

– Оила бахт-саодати учун кўп нарса керак эмас, оиланинг ҳар бир аъзоси бир-бирини ўзаро тушунса ва қўллаб-қувватласа, ҳаммаси яхши бўлади. Келиним эпчил, ораста, ҳурматимни жойига қўяди. Ҳам ишни, ҳам оилани эплаш осон эмас, барчасини уддалашга ҳаракат қиляпти, – дейди онахон биз билан суҳбатда. – Фарзандларимиз бахтли яшаши учун қўлимдан келган яхшиликни қилишга тайёрман.

Ҳа, бугун ички ишлар органлари сафида Исомиддин ва Муштарийбегим каби бахтли жуфтликлар сафи кўпайиб бормоқда. Уларнинг жамият ривожи, тинчлик-осойишталиги йўлида олиб бораётган хизматлари, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик билан ҳам оилада, ҳам хизматда бир-бирларини қўллаб-қувватлаётгани таҳсинга лойиқ. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА, 

ўз мухбиримиз. 

Наманган вилояти.