Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг “Янги йил” ва “Президент арчаси” байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармойиши ва тегишли кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ва Касбий тайёргарлик бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан вилоят ИИБ ва унинг қуйи тизимларида шахсий таркиб билан саф кўриклари ўтказилди. Бунда барча шахсий таркибнинг иштироки, ходимларнинг ташқи кўриниши, хизмат кийимини кийиб юриш тартиб-қоидаларига риоя қилиниши, доимий равишда ёнида бўлиши лозим бўлган анжомлар ва хизмат гувоҳномасининг талаб даражасида олиб юрилиши ҳамда саф тайёргарлиги бўйича амалий кўникмаларнинг қай даражада шаклланганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, вилоят бўйлаб “Янги йил” байрам тадбирларини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш олдидан шахсий таркибнинг жанговарлигини ошириш мақсадидаги саф тайёргарлиги машғулотлари ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Саф Низомининг айрим машқлари бажарилди.
Бундан ташқари, шахсий таркибнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка тўлиқ риоя қилиши, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлиш, хизмат вазифасини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, хизматга тааллуқли бўлмаган ишларга аралашмаслик юзасидан қўшимча йўриқномалар ўтказилди.
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати.
